Линклар

logo-print

БМТ Ироқда қандай рол ўйнайди?


Фарангис Саид Бугунги кунда БМТ мандатига эга халқаро қўшинлар жаҳоннинг турли ҳудудларида фаолият олиб бормоқда. Босния, Косово ва Афғонистонда жойлаштирилган НАТО қўшинлари расман БМТ Хавфсизлик Кенгаши назорати остида. Аммо амалда БМТ роли ҳар хил бўлиб, жойлаштирилган қўшинлар фаолияти ҳам бир-биридан фарқ қилади.

Бугунги кунда БМТ мандатига эга халқаро қўшинлар жаҳоннинг турли ҳудудларида фаолият олиб бормоқда.

Босния, Косово ва Афғонистонда жойлаштирилган НАТО қўшинлари расман БМТ Хавфсизлик Кенгаши назорати остида. Аммо амалда БМТ роли ҳар хил бўлиб, жойлаштирилган қўшинлар фаолияти ҳам бир-биридан фарқ қилади.

Боснияда 1985 йилда Дэйтон шартномаси имзоланганидан сўнг, БМТ роли жуда чекланган бўлиб қолди. Ӄўшни Косовода эса ташкилот деярли ҳамма нарсани назорат қилади. Афғонистонда БМТ махсус элчиси Лахдар Браҳимий Ўтиш даври раҳбари Ҳамид Карзайга янги конституция, миллий армия ва бошқа масалаларда доимий равишда маслаҳат бериб туради.

Хўш, Ироқ масаласида БМТ Хавсизлик Кенгаши кўмагини сўраган АҚШ ёрдамнинг қандай бўлишини истайди? Вашингтон Кенгашга тақдим этган янги резолюция лойиҳасида Ироқда тинчлик сақловчи халқаро қўшинларни жойлаштириш кўзда тутилган бўлиб, АҚШнинг ўзи уларга раҳбарлик қилмоқчи.

БМТ Бош котиби муовини Шаши Тхакурнинг айтишича, ташкилот мақсади – Ироқ суверенитетини иложи борича тезроқ тиклашдан иборатдир:

- БМТнинг сиёсий роли ошиш-ошмаслиги ноаниқ. Ҳозирги муҳокамаларда эса асосий эътибор Ироқ Бошқарув кенгашига қандай қилиб кўпроқ ҳокимият ва масъулият беришга қаратилмоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги баҳс-мунозаралар давом этар экан, мутахассислар дунёнинг қайси қисмида ишлаётган БМТ миссиясининг фаолияти энг муваффақиятли бўлганини аниқлашга уринмоқдалар.

“БМТ Жамғармаси”, деб номланган мустақил ташкилотнинг хавфсизлик масалалари бўйича эксперти Жоанна Менделсон-Форман бундай миссиялар бир нечта, деб ҳисоблайди:

- Уларнинг бари гибрид бўлиб, ўхшаш тарафи шундан иборат-ки, у ерда бир етакчи давлат билан биргаликда БМТ ҳам иш олиб боради. АҚШнинг етакчи давлат бўлиш режаси янги режа эмас. Чунки, Шарқий Тимор мисолида Австралия етакчилик қилганини кўриш мумкин. Косовода эса бу рол Германияга берилган.

Ироқни оладиган бўлсак, мутахассис фикрича, у ерда БМТ асосий рол ўйнаши лозим. Чунки айнан бу ташкилот Ироқда умумхалқ референдуми ўтказилиб, янги ҳукумат тайинланишини таъминлаши мумкин. “Мисол учун Косовода айнан шундай бўлган”, - дейди Жоанна Менделсон-Форман.

2001 йил охирида БМТ Хавфсизлик Кенгаши Афғонистон масаласини кўриб чиққанида, Косово мисолидан фойдаланиш ҳақида ўйламади. Бироқ муҳокамалар натижасида Афғонистонда махсус элчи тайинлашга келишилди. Ҳозирги кунда Афғонистондаги қайта қуриш ишлари, инсонпарварлик фаолияти ва сиёсий жараёнда фаол иштирок этаёган Лахдар Браҳимий Хавфсизлик Кенгашидан Кобулдан ташқари бошқа ҳудудларда ҳам қўшин жойлаштиришни сўрамоқда.

Ню-Йоркдаги Сити университети қошидаги Ралф Банч институти директори Томас Уэйсс БМТнинг Афғонистондаги фаолиятини ижобий баҳолайди:

- БМТ Афғонистондаги ўтиш даврида асосий рол ўйнаётгани шубҳасиз. Буни қандай аташимиздан қатъий назар, халқаро ҳамжамият иштироки жуда катта. БМТ ҳукумат билан ёнма-ён ишламоқда, инсонпарварлик соҳасида эса етакчилик қилаётир.

БМТнинг Ироқдаги роли бошидан ноаниқ эди. Аммо БМТ Бош котибининг Ироқдаги махсус вакили Сержио Виейра де Мелё АҚШ маъмурияти раҳбари Пол Бремер билан яхши муносабат ўрнатишга ва бу билан БМТ таъсирини оширишга муваффақ бўлди. 19 август куни БМТнинг Бағдоддаги қароргоҳига қилинган ҳужум натижасида де Мелё ва яна 23 одам ҳалок бўлди.

Бугунги кунда эса Хавфсизлик Кенгашида БМТнинг Ироқдаги роли қандай бўлиши муҳокама қилинмоқда. Мустақил мутахассислар эса, БМТнинг Ироқда АҚШ, НАТО ёки бошқа ташкилот билан ишлаши ва муваффақиятли фаолият олиб бориши учун имкониятлар жуда кўп, деб ҳисоблашмоқда.
XS
SM
MD
LG