Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:33

Исроил Бош вазирининг Ҳиндистон ташрифи


А. Аррал Якшанба куни Исроил Бош вазири Ариел Шарон Ҳиндистонга сафар қилиб, Янги Деҳли раҳбарияти билан бир қатор масалалар, жумладан, терроризмга қарши кураш ва мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилишни муҳокама қилади.

Ҳиндистон билан Исроил ўртасида 1992 йили дипломатик муносабатлар ўрнатилган эди. Шу муддат мобайнида Исроил ҳукумати раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Шароннинг Ҳиндистонга ташриф буюриши Янги Деҳли томонидан диққатга сазовор муҳим воқеа сифатида қабул қилинмоқда.

Ҳиндистондаги "Жанубий Осиë таҳлилчилар гуруҳи" бошлиғи Чандрасехаранга кўра, Шароннинг Ҳиндистон ташрифи мамлакатлараро муносабатларда янги саҳифа очади:

- Шароннинг ташрифи икки томонлама алоқалар кенгайишидан дарак беради. Узоқ вақтлар давомида Ҳиндистон ва Исроил қарама-қарши томонларда бўлиб келдилар. Маълумки, совуқ уруш даврида Ҳиндистон Совет Иттифоқи билан иттифоқдош бўлган бўлса, Исроил АҚШ билан бирга бўлган, - дейди мутахассис.

Унга кўра, ўша пайтларда Ҳиндистон Араб мамлакатлари нефтига қарам бўлгани боис, Исроил билан тўлиқ муносабатлар ўрнатишга мойил бўлмаган. Бошқа томондан Ҳиндистон мусулмон аҳолисининг нуфузи жиҳатидан Индонезиядан кейин иккинчи ўринда тургани ҳам уни Исроил билан яқинроқ муносабатда бўлишига халақит бериб келган.

Бироқ, ҳозир вазият ўзгарди. Совуқ уруш ниҳоясига етди. Араб мамлакатлари Ироқ уруши, терроризмга қарши кураш ва бошқа масалалар бўйича қарашлари турлича бўлганлигидан бўлиниб кетдилар. Айни пайтда Янги Деҳли ўзининг нефт маҳсулотларини кўпайтиришни йўлга қўйди ва ўзининг мусулмон аҳолиси билан муносабатларини ҳам уддалайдиган бўлди.

Вашингтондаги "Ҳеритаж" жамғармаси тадқиқот институти Осиë бўлимининг илмий аъзоси, собиқ АҚШ дипломати Ҳарвей Фелдманга кўра, Исроил билан Ҳиндистон ўртасида ҳарбий алоқаларнинг ревожланишига умумий хавфсизлик манфаатлари сабаб бўлган.

- Исроил сўнгги бир неча йил ичида Ҳиндистонни қурол-аслаҳа билан таъминловчи асосий мамлакатга айланди. Менинг фикримча, ҳозир у бу соҳада Россиядан кейин иккинчи ўринда туради. Ҳар иккаласининг ҳам терроризмга қаршилик кўрсатишда муштарак манфаатлари бор, - дейди америкалик тадқиқотчи.

Унинг баëн этишича, Ҳиндистон дунëнинг бошқа мамлакатларига қараганда терроризмдан энг кўп зарар кўрган ўлка ҳисобланади. Исроил ҳам, аҳолиси сонига нисбатан олиб қаралганда, дунëда терроризмдан катта зиëн кўрган мамлакатдир.

Ўтган ўн йил ичида Ҳиндистон ва Исроил ўзаро савдо кўламини ҳам кенгайтирдилар. 2002 йилда икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми миллиард доллардан ҳам ошган. Исроил Ҳиндистонга қурол-аслаҳадан ташқари, электрон товарлар, тиббий жиҳозлар, шунингдек, ишлов берилмаган олмос ҳам экспорт қилади. Ўз навбатида Ҳиндистондан Исроилга экспорт этиладиган нарсаларнинг асосий қисмини ишлов берилган олмос, кимë маҳсулотлари, газмол, чой ва кийим-кечак ташкил этади.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Ҳиндистон билан Исроил ўртасидаги савдо алоқаларининг тахминан ярми қурол-аслаҳа савдосидан иборатдир.

Янги Деҳли, шунингдек, Қуддусга мурожаат қилиб, Покистоннинг чегара таҳдидлари ҳамда худкуш жанггарилар ҳужумларининг олдини олишда ўз мутахассислари билан ëрдам беришини сўраган. Шу билан бирга, Ҳиндистон ўзининг тақрибан уч минг аскарини фавқулодда амалиëтлар учун тайëргарликдан ўтказиш мақсадида Исроил мутахассисларини ëллаган.
XS
SM
MD
LG