Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 01:50

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси қамоқдан озод этилди


Маҳаллий амалдорларнинг порахўрлигига, коррупцияга қарши кураш олиб борганим учун қамоққа тиқишди, дейди қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Жўра Муродов.

8 сентябр куни «Freedom House» халқаро ташкилотининг Тошкент ваколатхонасида яқинда қамоқдан озод этилган қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Нишон тумани бўлими раҳбари Жўра Муродов ҳамда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Жўра Муродов журналистларнинг 2002 йилнинг сентябр ойида ўзи ва қашқадарёлик яна икки инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг қамоққа олиниши, қамоқдаги шароит, қийноқлар ҳақидаги саволларига жавоб қайтарди.

Жўра Муродовнинг сўзларига қараганда, улар айнан маҳаллий амалдорларнинг порахўрлиги, коррупцияга қарши кураш олиб борганликлари учун озодликдан маҳрум этилган. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов эса 2002 йилнинг октябр ойида мазкур жамият вилоят бўлимларининг 9 аъзоси озодликдан маҳрум этилганини таъкидлади.

«Улардан икки киши руҳий касалликлар шифохонасида, еттитаси эса қамоқхоналарда сақланган. 2003 йилда жамият аъзолари уларнинг озод этилиши талаби билан бир қанча пикетлар уюштирди. Бугунга келиб жамиятнинг фақат бир аъзоси - қорақалпоғистонлик Турсунбой Ўтабоев ҳамон қамоқда», - деди Толиб Ёқубов.

Жўра Муродов ва у билан бирга қамоққа олинганлар Қаршидаги Шайхали қамоқхонасида жазо муддатини ўтаган. У журналистлар саволларига жавоб бериб, қамоқхонада ғайриинсоний шароит ҳукм суриши, қийноқлар қўлланиши, у ерда ҳам порахўрлик авж олганини баëн қилди.

Матбуот анжуманида Толиб Ёқубов қийноқлар Ўзбекистонда оммавий характерга эга экани, лекин буни мамлакат ҳукумати тан олмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG