Линклар

logo-print

АҚШ президенти халқаро ҳамжамиятни Ироқдаги қайта қуриш ишларини қўллаб-қувватлашга чақирди.


Акрам Файзулло Якшанба кунги телемурожаатида АҚШ президенти Жорж Буш турли мамлакатларни Ироқ билан боғлиқ келишмовчиликларни четга суриб, бу мамлакатда вазиятни барқарорлаштириш ва демократик ташкилотлар яратиш учун Америка етакчилигида олиб борилаëтган ишларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Буш Қўшма Штатларнинг террорчиликка қарши олиб бораëтган курашида Ироқ асосий фронт эканини, шунингдек Ироқ ва Афғонистонда барқарорлик ўрнатилмагунича Америка бу мамлакатлардан қўшинларини олиб чиқмаслигини қайд этди.

“Ироқ, Афғонистон ва бошқа жойларда демократия ва толерантликнинг ғалаба қилиши халқаро терроризм учун мағлубият бўлади”, - деди президент Буш.

У келаси йил давомида Ироқни қайта тиклаш ишларини молия билан таъминлаш учун АҚШ Конгрессидан 87 миллиард доллар сўрашини маълум қилди. Бу маблағдан тахминан 1 миллиард доллари Афғонистон учун мўлжалланган.

Бушнинг айтишича, ушбу маблағ Ироқ ва Афғонистонда ички хавфсизликни мустаҳкамлаш, аҳолини ичимлик суви, электр билан таъминлаш, ҳамда мактаблар, йўллар ва касалхоналар қуриш учун сарфланади. Унга кўра, бу икки мамлакатда барқарорликка эришилса, Америка хавфсизлиги ҳам мустаҳкамланади.

Оқ уй раҳбари БМТ Хавфсизлик Кенгашини Ироқ борасида Америка таклиф қилаëтган янги резолюция лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақирди. Мазкур лойиҳада Ироқда АҚШ бошчилигидаги халқаро тинчлик ўрнатувчи кучларни жойлаштириш назарда тутилади.

Президент Буш Ироқ урушига қарши бўлган Франция, Россия ëки Германияни тилга олмаган ҳолда, халқаро ҳамжамият Ироқни барқарорлаштириш ва қайта қуриш учун бир ëқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши кераклигини билдирди.

“Ҳозир БМТ аъзоларига Ироқни озод ва демократик давлатга айлантириш ишларида қатнашиш учун имконият ва маъсулият берилган”, - деди Буш.

Кузатувчиларга кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Америка таклиф қилаëтган янги резолюция лойиҳасини тасдиқлаган тақдирда ҳам, Ғарбий Европадаги хатто бой давлатлар Ироқни қайта қуришга жуда кам ҳисса қўшиши ва мамлакатга фақат оз сонли қўшин жўнатиши мумкин.

Франция ва Германия ҳукуматлари Ироқни барқарорлаштириш ва қайта қуришга ëрдам беришларидан аввал Қўшма Штатлар БМТга бу мамлакатда жиддийроқ рол бериши кераклигини талаб қилишмоқда. Аммо яқинда АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл Америка Ироқда БМТга етакчи рол бермаслигини таъкидлади. Унга кўра, Қўшма Штатлар ўзи Ироқда асосий рол ўйнайди.

Полша, Испания, Украина, Болгария, Венгерия ва Руминиядан борган жами 20 минг аскар ҳозир Ироқда тинчлик ўрнатиш ҳаракатларида қатнашмоқда. Маълумотларга қараганда, расмий Вашингтон Туркия, Покистон ва Ҳиндистон ҳукуматларидан ҳам Ироққа қўшин жўнатишни сўрамоқда. Лекин ҳозирча бу давлатлар ҳарбийларни юбориш учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши ваколат бериши кераклигини билдирмоқда.

Айни пайтда, Ироқда АҚШ бошчилигидаги иттифоқдош кучларга қарши ҳужумлар деярли кундалик равишда давом этмоқда. Президент Буш мазкур ҳужумларда Саддам Ҳусайнга содиқ шахслар ва келгинди террорчиларни айблади.

“Террорчиларнинг стратегик мақсади бор. Улар биз ўз ишимизни ниҳоясига етказмасдан, Ироқни тарк этишимизни исташади. Улар халқаро ҳамжамият иродасини синдиришга уринмоқдалар”, - деди Буш.

Айни пайтда, АҚШ Конгрессидаги муҳолиф демократлар Ироқдаги амалиëтлар учун президент сўраган пулни осонликча бермайдиганга ўхшайдилар. Улар сўралаëтган маблағни тасдиқлашларидан олдин, Бушдан Америка ҳарбийларини Ироқда қанчонгача ушлаб туришни режалаштираëтгани ва бу пул қандай сарфланиши ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот беришни талаб қилишларини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG