Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:39

БИТТАСИНИНГ ИЧИДА ТЎРТТАСИ...


Ўтган ҳафтанинг охирида, афтидан, Қирғизистоннинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида янги босқич бошланганга ўхшайди.

Йилдан-йилга кўпайиб, умумий сони 40 дан ортиб кетган сиёсий партиялар бир кунда тўрттага камайиб, биттага ортди. Сиёсий позициялари, мақсад-вазифалари бир-бирига ўхшаш тўрт партия битта партияга бирлашди.

Қирғизистонда шу кунда 40 дан зиёд сиёсий партия бор. Улар орасида радикал сўлчилар ҳам, ашаддий ўнгчилар ҳам мавжуд. Баъзи партияларнинг номини тўла айтиб бўлгунча чарчайсиз. Масалан, мана бундай партия бор: "Саноат ва қишлоқ хўжалиги ходимлари ҳамда кам таъминланган оилалар манфаатларини ҳимоя қилиш партияси". Баъзи партияларнинг номи эса, завқингизни уйғотиб, кўнглингизни илитади. Масалан, "Бева-бечоралар партияси".

40 дан зиёд партиянинг ҳаммаси ҳам ҳокимият учун курашишга бел боғлаган. Ҳамма партиялар ҳам мамлакатни сурункали иқтисодий бўҳрондан чиқариш, халқ фаровонлигини таъминлаш йўлида нима иш қилиш лозимлигини билишларини даъво қиладилар. Бироқ, уларнинг дастурлари синчиклаб ўрганиб чиқилсачи?

Бу саволга 40 дан зиёд сиёсий партиянинг бири - "Жани заман" ("Янги давр") партияси аъзолари жавоб излаб кўриб, мана бундай хулосага келганлар. Партия марказқўми аъзоси Қосим Чарғинов:

- Кўплаб партиялар дастурларини, ўз олдиларига қўйган мақсад-вазифаларини қиёслаб кўрсак, бир бирига ўхшаш экан.

Маълум бўлишича, "Янги давр" партияси бир қатор партиянинг дастурил-амалларини бежиз ўрганмаган. Ўтган шанба (7 сентябр) куни мана шу партия ташаббуси билан мамлакатдаги тўрт сиёсий партия битта партияга бирикди. Шанба кунги қурултой арафасида Қосим Чарғинов Озодлик мухбирига берган интервюсида:

- "Жани қиймил" ("Янги ҳаракат"), "Манас эл" ("Манас эли") ҳамда Кооператорлар партиялари бизнинг партия билан бирлашиб янги партия тузмоқчи бўлиб турибмиз, - деган эди.

7 сентябр куни бўлиб ўтган қурултойда чиндан ҳам мана шу тўрт партия лидерлари ва аъзолари қатнашди ва улар янги – "Олға, Қирғизистон", деб аталувчи партия туздилар. Янги сиёсий партиянинг тўла номи "Олға, Қирғизистон" бирлик ва тараққиёт партияси". Партиянинг асосий мақсади "Кучли, демократик Қирғизистон учун", деган шиорда ўз аксини топган.

Қирғизистондаги сиёсий партияларнинг ички ҳаётига алоҳида эътибор бериб, тўхталаётганимиз сабаби - 7 сентябр куни 4 партиянинг битта партияга бирлашуви - республика сиёсий ҳаётидаги янги босқич бўлиб кўринганидандир.

Қирғизистондаги аксари кузатувчилар республикадаги партияларнинг кўпчилигини у ёки бу арбоб етакчилигидаги, ўша арбобнинг иззат нафсини қондириб турадиган сиёсий клубларга ўхшатадилар. Бундай фикрни республиканинг собиқ Ташқи ишлар вазири жаноб Иманқулов ҳам радиомизга берган интервюсида билдирган эди.

Хўш, мана шундай шароитда "бир қозонда тўртта калла қандай қайнайди"? Бу масалани "Олға, Қирғизистон" партиясига бирлашган партиялар лидерлари ўзаро келишиб ҳал қилганлар. Партия лидери ҳар олти ойда бир алмашиб туради. Бунинг сабабини янги партия аъзоси Қосим Чарғинов мана бундай изоҳлайди:

- Бир лидернинг атрофида ўралашиб қолмайлик, деб мана шундай қилдик, чунки Ўрта Осиёда "йўлбошчилик" деган нарса бор. Сайланиб олганидан кейин бировни ёқтиради, бировни ёқтирмай қолади. Охир-оқибат унга оддий аъзоларнинг таъсири ўтмай қолиши ҳам мумкин. Қолаверса, 5-10 йилга сайланадиган бўлса, табиийки, у ҳам чарчайди. Шунинг учун лидер алмашиб тургани яхши, - дейди 7 сентябр куни 4 партиянинг бирлашувидан пайдо бўлган "Олға, Қирғизистон" партияси аъзоси Қосим Чирғинов.
XS
SM
MD
LG