Линклар

Кофи Аннан БМТда кескин ислоҳотлар ўтказиш таклифи билан чиқди.

  • Ҳасанжон

БМТ Бош котиби Кофи Аннан ўзи бошқараётган ташкилотда кескин ислоҳотлар ўтказиш таклифи билан чиқди. Бу таклиф Кофи Аннаннинг БМТ Бош Ассамблеясида қиладиган ҳисоботда ўз аксини топган. Ҳужжатда, уруш, терроризм, камбағалликка қарши кураш ва инсон ҳуқуқлари каби ҳозирги кун муаммоларини муваффақиятли ҳал этиш учун БМТ ва дунё ташкилотлари тубдан қайта ташкил этилиши кераклиги билдирилган.

Кофи Аннан ўз ҳисоботида Иккинчи жаҳон урушидан кейин тузилган Хавфсизлик кенгашини “нодемократик ва эскирган”, деб очиқдан-очиқ танқид қилди. Маълумки, Хавфсизлик кенгаши бешта доимий ва 10та муваққат аъзодан ташкил топган. БМТга аъзо барча давлатлар Хавфсизлик кенгаши аъзолари сони кўпайиши кераклигини қарийб 10 йилдан бери айтиб, муҳокама қилиб келаётганига қарамай, ҳозиргача бирон ўзгариш рўй бермади. Кофи Аннан Ироқ уруши туфайли БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари ўртасида чуқур бўлиниш юзага келганини алоҳида таъкидлади. БМТ раҳбари, Хавфсизлик кенгаши дунё давлатлари ва халқаро жамоатчилик ишончини қайта қозонмагунича, ҳар бир давлат ўзига нисбатан пайдо бўлаётган хавфни ўз билгича муҳокама этиши ва уни ҳал этишнинг энг яхши йўлини ўзи белгилаши ҳақида огоҳлантирди.

Матбуот конференциясида Кофи Аннан, нафақат Хавфсизлик кенгаши аъзолари урушдан кейинги Ироқни қайта тиклаш масаласида бўлиниб қолганини, балки хавфсизлик, ривожланиш, камбағалликка қарши кураш, инсон ҳуқуқлари ва бошқа масалалар юзасидан Бош Ассамблея аъзолари орасида ҳам бўлиниш борлигини алоҳида таъкидлади: “Юз берган воқеалар халқаро системани ларзага солди. ... БМТ ҳал этиши лозим бўлган айрим масалалар хусусида аъзо давлатлар ўртасида кескин бўлиниш пайдо бўлган”, - деди БМТ Бош котиби.

Кофи Аннан 11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ ташқи сиёсатида юзага келган бир томонламалик - муаммонинг бир қисми эканини билвосита танқид қилиб: “Менимча, барча давлатлар глобал воқеликни, бошқалар кўз-қарашлари ва манфаатини кўпроқ инобатга олишлари лозим. Улар асосий эътиборни ўзлари айтганни маъқуллашга эмас, балки умумий тил топиш ва умумий стратегия ишлаб чиқишга қаратишлари лозим”, - деди Кофи Аннан.

Келиб чиқиши ганалик бўлган БМТ Бош котиби Кофи Аннан айрим давлатларнинг фақат терроризмга қарши курашга берилиб, дунёнинг катта қисмида мавжуд бўлган бошқа муҳим муаммолар, хусусан, камбағалликка қарши кураш, минтақавий урушларга барҳам бериш ва инсон ҳуқуқлари поймол қилиниши муаммоларини ҳал этиш ишлари эътибордан четда қолиб кетаётганлигини таъкидлади. Кофи Аннан Либерия ва Конгода содир этилган қатлиомларга БМТ муносабатини танқид қилиб, Ғарб давлатларини бундан уч йил олдин тинчликни сақловчи кучларга хисса қўшиш ҳақида берган ваъдаларини бажаришга чақирди.

БМТ Бош котиби Кофи Аннан 191 мамлакат раҳбарига мактуб йўллаб, Бош Ассамблеясининг яқинда бўладиган йиғилишида иштирок этиш ва БМТнинг муҳим масалаларини ҳал этиш бўйича муҳокамаларда қатнашишни улардан илтимос қилди. АҚШ президенти Жорж Буш, Франция президенти Жак Ширак ва Россия президенти Владимир Путин БМТ Бош котиби таклифини қабул қилдилар.
XS
SM
MD
LG