Линклар

Ироқ Ўтиш даври маъмуриятнинг Араб Лигасидаги ўрни


А. Арол 9 сентябр куни Миср пойтахти Қоҳирада иш бошлаган Араб Лигасига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг икки кунлик йиғилишлига Ироқнинг Ўтиш даври маъмурияти Ташқи ишлар вазири Ҳушëр Зебарий ҳам таклиф этилди.

Араб Лигасининг маълум қилишича, Ироқнинг АҚШ тайинлаган Бошқарув кенгаши конституция лойиҳасини қабул қилишга ҳамда белгиланган вақт ичида доимий ҳукумат ташкил қилишга розилик бидирганидан сўнг Лига аъзолари Зебарийни ўз давраларига даъват этишган.

Араб Лигасининг бундай қарори, айрим Араб давлатлари томонидан Ироқнинг Бошқарув кенгаши тан олинишини истамаганликларига қарамай, қабул қилинди. Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири шаҳзода Сауд ал-Файсалнинг мухбирларга айтишича, ушбу қарор Араб давлатлари розилиги билан қабул қилинган.

Маълумки, Ироқнинг 22 давлат аъзо бўлган Араб Лигасидаги ўрни АҚШ етакчилигидаги кучлар Ироқ президенти Саддам Ҳусайнни апрел ойида мағлубиятга учратганидан буëн бўш эди.

Зебарийнинг айтишича, унинг мамлакати Араб Лигаси учрашувида Саддам Ҳусайн давридагидан фарқли равишда қатнашади ва ўз қўшнилари билан дўстона муносабат ўрнатишдан манфаатдордир:

- Янги Ироқ Саддам Ҳусайн Ироқидан бутунлай фарқли бўлади. Янги Ироқ плюрализм, демократия ва конституцияга асосланади. Унда қонун ва Ироқ фуқароларининг инсоний ҳуқуқлари биринчи ўринда туради. Янги Ироқ шунингдек, ҳозирда ўзи дуч келаëтган террорчиликка қарши кўрашади, - дейди Ироқнинг Ўтиш даври маъмурияти Ташқи ишлар вазири Ҳушëр Зебарий.

Таҳлилчиларга кўра, Ироқ Ўтиш даври маъмурияти вакилининг Араб Лигаси йиғилишида иштирок этиши Ироқнинг янги ҳокимиятини халқаро даражада тан олинишини тезлатишга ëрдам бериши мумкин.

Қоҳиранинг "Ал-Аҳрам" сиëсий ва стратегик тадқиқотлар маркази директори Абдул Мўминга кўра, Ироқ Ташқи ишлар вазири Араб Лигасига киритилдими, демак, Ироқнинг Бошқарув кенгаши бошқа давлатлар томонидан ҳам тан олинади.

Араб Лигаси Бош котиби Амр Муса лигага аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари йиғилишининг биринчи кунини Зебарий ва унинг делегациясини самимий кутиб олиш билан очди:

- Ўзининг бошқарувини қайта тиклаш ва босқинчиликка якун ясаш йўлида ҳаракат қилаëтган Ироқ делегациясини яхши қабул қилиш ҳақида ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Ироқ делегациясини Лига йиғилишига таклиф этиш тўғрисидаги қарор Араб манфаатлари, Ироқнинг ўзлигини сақлаб қолиш ва миллий ҳамжиҳатлик соҳасида ëрдам кўрсатиш манфаатларидан келиб чиқиб амалга ошди, - дейди Амр Муса.

АҚШ бошчилигидаги Ироқ маъмурияти Ироқ делегациясининг Араб Лигаси йиғилишига таклиф этилганини Ироқ истиқболи йўлида ташланган ижобий қадам, дея баҳолади.
XS
SM
MD
LG