Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:28

Собиқ Совет республикаларида инсон ҳуқуқлари вазияти ëмонлашгани танқид қилинди.


Акрам Файзулло

Сешанба куни АҚШдаги Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик мустақил комиссиясининг Россия, Кавказ ва Марказий Осиë минтақаларида демократия ва инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган эшитишлари бўлиб ўтди. Унда қатнашган АҚШ Давлат котиби ëрдамчилари Элизабет Жонес ва Лорн Крейнернинг қайд этишларича, айрим ижобий ўзгаришларга қарамай, собиқ Совет Иттифоқининг аксарият республикаларида демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳасида илгари силжишдан кўра, ортга қайтиш жараëнлари кўпроқ кузатилмоқда.

Марказий Осиëдаги вазият хусусида тўхталган Крейнер, 2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан кейин Қўшма Штатлар минтақа мамлакатлари билан алоқаларни кенгайтирганига қарамай, Марказий Осиëда демократияни ривожлантириш соҳасида жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмаëтганини таъкидлади.

“Мен марказий осиëликларга вақтни қўлдан бой бераëтганлари ва агар улар алоқаларимиз ривожланишини ва биздан ëрдам олишни давом эттиришни хоҳласалар, Қўшма Штатлар ва Конгрессга ислоҳотлар ўтказиш масаласига жиддий қараëтганларини кўрсатишлари кераклигини айтиб келаяпман”, - деди Лорн Крейнер. Унга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар қийноқдан нобуд бўлаëтгани, мустақил журналист Руслан Шарипов қамоқ жазосига ҳукм этилгани ва унинг адвокати калтакланганинг ўзи ҳам Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш масаласига етарли эътибор бермаëтганини кўрсатмоқда. Америка расмийси фикрича, мазкур муаоммолар ҳал этилмас экан, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар қониқарли равишда ривожланмаслиги мумкин.

“Ўтган 1-2 йил давомида Ўзбекистонда кичик, аммо жиддий ижобий қадамлар ташланди. Аммо май ойида икки маҳбус қийноқдан нобуд бўлгани оқибатида бу ижобий жараëн тўхтаб қолди. Ҳозиргача ушбу ўлимлар учун маъсул одамлар жавобгарликка тортилмади”, - деди Лорн Крейнер.

АҚШ Давлат котиби ëрдамчисининг айтишича, Тожикистонда референдум натижалари соҳталаштирилгани оқибатида президент Имомали Раҳмонов яна 14 йил ҳокимиятда қолиши мумкин.

“Ўтган йилда Тожикистонга айрим ижобий натижаларга эришилди. Аммо конституцияга ўзгартишлар киритиш борасида июн ойида ўтказилган референдум натижалари соҳталаштирилгани ушбу мувоффақиятларга чек қўйди. Бизни референдум натижалари президент Раҳмонов учун яна 14 йил ҳокимиятда қолиш имкониятини очиб бергани айниқса ташвишга солмоқда”, - деди Лорн Крейнер. У Қирғизистонда ҳам референдум натижалари соҳталаштирилгани ва матбуот эркинлиги бўғилганини танқид қилди.

“Қирғизистонда конституцияга ўзгартишлар киритиш хусусида ўтказилган референдум натижалари соҳталаштирилгани ва матбуот эркинлиги чеклаб қўйилганидан ташқари, ҳукумат ўтган йили беш қуролсиз намойишчи отиб ўлдирилгани учун жавобгарликка тортилмагани ҳам бизни жиддий хавотирга солмоқда. Бундай жавобгарликсиз қирғиз халқи қонун устуворлигига эриша олмайди”, - деди Лорн Крейнер. Қозоғистондаги вазиятга тўхталган Крейнер, Қўшма Штатлар Қозоғистонда матбуот, сайловлар ва нодавлат ташкилотлар борасида ЕҲХТ мажбуриятларига мос келувчи қонунлар кучга киришини кутаëтганини билдирди. Америка расмийси шунингдек, Қозоғистонда сиëсий маҳбусларнинг маҳкама иши ўз вақтида кўрилмаëтганини қайд этди.

“Қозоғистонда ўтган йил давомида ортга қайтиш руй бергани бизни ташвишлантирмоқда. Мустақил журналист Сергей Дуванов қоидалар бузилган ҳолда ўтказилган маҳкама ва аппеляция жараëнлари оқибатида ҳукм этилди. Бу мустақил матбуотга тазйиқлар авж олганидан дарак бўлди”, - деди Лорн Крейнер. У Туркманистон ҳукумати муҳолифатга қарши тазйиқларни кучайтириш мақсадида президент Сапармурод Ниëзовга қарши уюштирилган мувоффақиятсиз суиқасддан баҳона сифатида фойдаланаëтганини айтади:

“Ниҳоят мен Турманистонга ўтаман. ўтган эшитишда қатнашганимдан бери бу мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазияти янада ëмонлашди. Деярли бир йиллик танаффусдан кейин, мамлакатда диний эркинликлар яна бўғилмоқда. Туркманистон ҳукумати мамлакатда қолган муҳолифат ва фуқаролик жамиятини бутунлай йўқ қилиш учун президентга қарши уюштирилган мувоффақиятсиз суиқасддан баҳона сифатида фойдаланмоқда”, - деди Лорн Крейнер.

Айни пайтда, АҚШ расмийлари сайловлар арафасида турган Озарбайжон, Грузия, Украина ва Россия ҳукуматларини Марказий Осиë минтақасида кузатилган хатоларга йўл қўймасликка чақирдилар. Улар фикрича, бундай хатолар демократияни қарор топтиришда жиддий тўсиқ бўлиб қолаверади.
XS
SM
MD
LG