Линклар

logo-print

Алматида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.

  • Ҳасанжон

9 сентябр куни Алматида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган тўрт кунлик халқаро анжуман иш бошлади. Мазкур анжуманда Белгия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Украина, Ўзбекистон, Чех республикаси, Япония ва бошқа давлатлардан келган 500дан ортиқ делегат қатнашмоқда. Анжуман қатнашчилари олти секцияга бўлиниб, экология муаммоларига бағишланган 140дан ортиқ докладни тинглаб муҳокама қилмоқдалар. Делегатлар, шунингдек, ердан самарали фойдаланиш, чўл ва ярим чўл зоналарида сувни тежамкорлик билан ишлатиш, демографик назорат, иқтисодий системанинг барқарор тараққиёти мавзулардаги маърузаларни тингламоқдалар.

Булардан ташқари мазкур халқаро анжуманда Семипалатинск полигони ва Орол денгизи муаммоси ҳам муҳокама этилмоқда.

Қозоғистоннинг Фазо тадқиқотлари миллий агентлиги директори, физика-математика фанлари доктори Умрзоқ Султонғазинга кўра, экологик муаммоларни ҳал этишда янгича ёндашув керак: “Қозоғистон учун биринчи масала – мамлакатни нормал экологик ҳолатда сақлаб туриш. Биз иқтисодни ривожлантириш учун газдан фойдаланяпмиз, нефт, кўмир қазиб чиқаряпмиз аммо бунинг натижаси қандай бўлиши ҳақида ўйламаймиз”, - деди қозоғистонлик олим.

Анжуман қатнашчилари атроф-муҳит масалаларини ҳал этишда математик ҳисоб-китоблардан фойдаланиш ижобий натижалар беришини алоҳида таъкидладилар. Олимлар фикрича, тоғлардаги қор қалинлиги ўлчаниб, қор эриши суръати аниқланиб, барча натижалар керакли вазирлик ва идоралар мутахассисларига ўз вақтида етказилса, турли экологик фожеалар олди олиниши мумкин. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ҳам табиат инжиқликларидан анча кам зарар кўриб, юқори ҳосил етиштириш мумкин.

Алмати халқаро анжуманида космонавт Талгат Мусабаев ҳам қатнашмоқда. Делегатларга Орол денгизининг фазодан олинган суратлари кўрсатилиб, таҳлил қилинди. Эколог олимлар, кучли шамол ва бўронлар қуриб қолган Орол денгизи тубидаги туз ва бошқа зарарли бирикмаларни анча олисликка олиб кетаётганини алоҳида таъкидладилар. “Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” масалаларига бағишланган халқаро анжуман иштирокчилари, фазо тадқиқотлари орқали ер ости ва усти сув ресурслари камайишининг салбий оқибатларини ҳам муҳокама қилмоқдалар.

Россиялик делегат Владимир Шарафуддинов халқаро анжуманда барча экологик муаммолар ечимини топишнинг имкони йўқлигини, аммо йиғилиш ва бошқа тадбирлар уюштириш орқали ҳукуматлар диққатини экологик муаммоларга қаратиш зарурлигини айтади: “Қисқа муддат ичида муаммоларни глобал миқёсда ҳал этишнинг имкони йўқ. Аммо, юқори лавозимли амалдорлар ва ҳукуматлар диққатини экологик муаммолар мавжудлиги ва уларнинг жиддийлигига қаратиш жуда муҳим”, - дейди россиялик эколог олим.

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган Алмати халқаро анжумани 12 сентябр куни ниҳоясига етади.
XS
SM
MD
LG