Линклар

Ўзбекистонда сув муаммоси бор. Бу ҳақда ёзадиган журналистларчи?


«Экосан» халқаро жамғармаси раиси Юсуф Шодиметов Халқаро чучук сув йилига бағишлаб Тошкентдаги Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида ўзбекистонлик журналистларни «Сув келажак учун» танловида фаол иштирок этмаётгани учун танқид қилди.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, Ўзбекистонда чучук сув муаммоси анча жиддий. Чунки мамлакат Орол денгизининг ёпиқ ҳавзасида жойлашган ва унинг географик ўрни қўшимча сув манбаларидан фойдаланиш имконини бермайди. Шунинг учун сувдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш, унинг сифат ва миқдор кўрсаткичларини сақлаб қолиш масалалари Ўзбекистон учун жуда муҳим ҳисобланади.

Маълумот:
Дунё аҳолисининг олтидан бир қисми, яъни бир миллиарддан ортиғи чучук сув манбаларидан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Халқаро сув хўжалиги институти маълумотларига қараганда, 2025 йилга бориб 5,5 миллиардга яқин аҳоли ичимлик сув танқислигига дучор бўлади.

Ушбу омилларни ҳисобга олиб, шунингдек, БМТ томонидан 2003 йил Халқаро чучук сув йили, деб эълон қилингани муносабати билан «Экосан» халқаро жамғармаси Ўзбекистон ОАВни демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси ва бошқа бир қанча ташкилотлар билан биргаликда «Сув келажак учун» шиори остида экологик мавзуларда чоп этилган энг яхши журналистик асарлар учун республика кўрик-танловини эълон қилган эди. Аҳолини чучук сув муаммоларини бартараф этишга кенгроқ жалб қилиш, экологик маданиятни ошириш кабилар ушбу танловнинг бош мақсадларидандир.

Матбуот анжуманида «Экосан» жамғармаси раиси Юсуф Шодиметов ўзбек журналистлари бу муҳим масалага жуда кам эътибор бераётганини таъкидлади.

«Танлов эълон қилинганига қарамай, бу муаммо хусусида баъзи русийзабон журналистларни ҳисобга олмаганда, таҳлилий ва танқидий мақолалар газета ва журналларда деярли чоп этилмаяпти», деди Шодиметов.

Матбуот анжуманида айтилган фикрлардан маълум бўлишича¸Ўзбекистонда чучук сувдан фойдаланиш тўғри йўлга қўйилмаган. Масалан, 1 гектар майдондаги гўзани суғориш учун меёрдагидан 30-40 фоиз ортиқча сув сарфланади. Ваҳоланки, мамлакатнинг баъзи қишлоқ ва чўл ҳудудларида ичимлик сувнинг ўзи йўқ .

«Экосан» журналистлар уюшмасининг раиси Раим Фарҳодийнинг айтишича, баъзи газеталар бундай руҳдаги мақолаларни чоп этишга унчалик рўйхушлик бермайди.

Ўзбекистон ОАВни демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий—сиёсий жамғармаси раиси Хуршид Дўстмуҳаммад ҳам журналистлар бу мавзуни фаол ëритмаëтганликларини қайд этди. -Жамиятда пассивлик, лоқайдлик кайфияти йўқ эмас, - деди у. – Бунинг бир манзараси мана шу танловда ҳам кўриниб турибди.
Матбуот анжумани сўнггида Юсуф Шодиметов кўрик-танлов ғолиблари ва совриндорларини мукофотлашга сарфланадиган маблағ 1миллион сўмдан 2 миллион сўмга кўпайтирилганини эълон қилди.

Зора мукофот миқдори кўпайтирилгани ўзбек журналистларини бу муҳим муаммони жонлироқ ёритишга ундаса, деб умид қилмоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG