Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:19

Гулнора Каримова Москвага отланди


Гулнора Каримова.
Гулнора Каримова.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Президентининг катта қизи Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасига вакил-маслаҳатчи лавозимига тайинланган. Маҳаллий кузатувчилар бу воқеани фахрли сургун сифатида баҳоламоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Илҳом Зокиров Озодлик мухбири билан суҳбатда бу ҳақдаги маълумотлар тўғри эканини тасдиқлади. У Гулнора Каримованинг бу лавозимга тайинланишини «оддий иш жараёни», деб таърифлади.

Баъзи кузатувчилар эса Гулнора Каримованинг янги дипломатик лавозими унинг катта сиёсатга кириб келишига тараддуд эканини таъкидламоқда.

Ўзбекистонлик кузатувчи Баҳодир Чиғатойнинг сўзларига қараганда, ушбу воқеа келажакда юз берадиган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни олдиндан кўра билишликдир.

- Айримлар «Гулнора Каримова кейинчалик Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси, 2005 йилда мамлакат Ташқи ишлар вазири, 2007 йилда эса Ўзбекистон Президентлигига номзод ёки Вазирлар Маҳкамаси раиси лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтишга бел боғлаган бўлса керак» қабилидаги фикрларни билдирмоқда, - деди Б.Чиғатой.

Гулнора Каримова тўғрисида аҳоли ўртасида турли миш-мишлар юрибди. Хўш, бу гап-сўзлар унинг Москвага фахрли усулда сургун қилинишига асос бўлганмикин?

«Бирлик халқ ҳаракати» партияси раиси ўринбосари Исмоилжон Дадажонов ушбу саволга жавоб берар экан: " ОАВ эътиборини Гулнора Каримовадан бироз чалғитиш учун уни Москвага жўнатиш қарори бир ҳисобдан тўғри бўлган", - деди.

Дадажонов Гулнора Каримованинг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоевга турмушга чиққани ҳақидаги миш-мишларга тўхталиб:" У энг аввало, аёл, она. Шунинг учун унинг оилавий ишларига аралашиш ва иғво гапларни тарқатиш яхши эмас», дея фикр билдирди.

-…Бу қадам (Г.Каримованинг вакил-маслаҳатчи этиб тайинланиши) қанчалик тўғри экани, бу жамоатчилик фикри билан ҳисоблашишми ёки унинг босими остида амалга оширилганми, буни аниқлаш қийин, - деди «Эрк» демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов бу масалага муносабат билдирар экан. –Ўзбекистондаги айни кундаги сиёсий тизим бошиданоқ ёлғонга асосланиб қурилганди. Шу сабаб бу тизим ўз ичидан емирила бошлаши лозим эди. Фикримча, Гулноранинг ҳаётида рўй бераётган воқеалар ҳам мана шу емирилишдан далолат.

Россиядаги "Независимая газета " 11 сентябр кунги сонида Британиянинг Financial Times газетасига таяниб, АҚШнинг Ню-Жерси штати суди Гулнора Каримовани ҳибсга олиш ва суд харажатлари учун 3,2 миллион доллар миқдорида тўлов ундириш хақида ҳукм чиқарганини ëзади .- Бу эса унинг Ғарб мамлакатларига чиқишига тўсқинлик қилади, дейилади
"Гулнора Каримова Москвада пропискадан ўтди", деб номланган мақолада. Мақола муаллифи Владимир Мухинга кўра, Россияда дипломатик даҳлсизликка эга бўлган Гулнора ўзини хавфсиз ҳис етиши мумкин. Чунки Россия расмийлари АҚШ хуқуқ - тартибот идоралари буни талаб қилган тақдирда ҳам, элчихона ходимини Америкага топширишмайди.

Айрим ўзбекистонлик кузатувчилар Гулноранинг айнан Москвадаги элчихонага ишга жўнатилганининг яна бир сабабини Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатлар илиқлашаётгани билан изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG