Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:21

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ироқ масаласини муҳокама қилади


Фарангис Саид БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси намояндалари Ироқ суверенитетини қайта тиклаш масаласини муҳокама қилиш учун шанба куни Женевада йиғиладилар.

Ўтган ҳафта Кенгашнинг домий аъзоси - АҚШ мазкур масала юзасидан ўз таклифини киритди. Вашингтон тақдим этган резолюция лойиҳасида БМТ қарори билан Ироққа тинчлик ўрнатувчи халқаро қўшинларни юбориш кўзда тутилган бўлиб, уларга АҚШнинг ўзи етакчилик қилмоқчи. Резолюцияда, шунингдек, янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва умумхалқ сайловлари ўтказиш муддатини белгилаш таклиф этилган.

Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси Франция ва доимий бўлмаган аъзоси Германия “тинчлик ўрнатувчи қўшинларга АҚШ етакчилик қилар экан, БМТ роли оширилиши керак”, деган фикр билдирдилар. Улар Ироқдаги ўтиш даврини бошқариш вазифаси АҚШдан БМТ ва Ироқ Бошқарув Кенгашига топширилишини кўзда тутган таклиф билан чиқишди.

Россия ҳам резолюция лойиҳасига БМТ ролини ошириш ҳақидаги қўшимча бандлар киритиш лозимлигини таъкидламоқда. Кремл фикрича, шунингдек, халқаро қўшинларга бир йиллик мандат берилиши керак, сўнг у, агар лозим топилса, узайтирилиши мумкин.

АҚШ президенти Жорж Буш Хавфсизлик Кенгаши аъзолари таклифларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Пайшанба куни Буш Ироқни барқарорлаштириш ва қайта қуриш учун бошқа давлатлар ҳам масъул бўлишлари лозимлигини таъкидлаб, шундай деди:

- БМТ резолюциясидан асосий мақсад бошқа давлатларни ҳам Ироқдаги қайта тиклаш ишларига жалб этишдир. Менимча, ҳар бир мамлакат бунда қатнашиши зарур. Ироқ озод бўлса, бундан ҳамма фойда кўради. Бу дунёнинг хавфсизроқ ва тинчроқ бўлишига олиб келади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ричард Баучер Ироқ суверенитетининг тезда тикланишидан барча тарафлар манфаатдор эканини айтиб ўтди:

- Биз Женевага айнан шу руҳда, бир хил мақсад билан кетяпмиз. Биз Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзоси бўлмиш ҳамкорларимиз ва БМТ Бош котиби билан биргаликда ишлашни, Ироқни қайта тиклаш ва ҳокимиятни ироқликларга қайтариш йўлларини топишни истаймиз.

Шу вақтгача Хавфсизлик Кенгаши аъзолари бир масалада муросага эришдилар. Уларнинг бари Ироқ Бошқарув Кенгашини мамлакатнинг ягона қонуний муваққат маъмурияти сифатида эътироф этиш керак, деб ҳисобламоқда.

Ҳокимиятни қачон ироқликларга топшириш ва БМТнинг ўтиш давридаги роли қандай бўлиши мунозараларга сабаб бўлаётган масалалардир.

БМТ матбуот вакили Фред Экхард вазиятни мана бундай изоҳлайди:

- Аъзолар орасидаги бу муҳокамалар – илк босқичдадир. Улар бир-бирига тақдим этаётган ҳужжатлар расмий мақомга эга эмас.

Ҳозирда илк босқичида бўлган муҳокамалар, БМТ Бош котиби Кофи Аннаннинг шу ҳафта бошида айтиб ўтганидек, муросага эришиш билан якунланиши зарур. Муроса эса, Аннан фикрича, “Ироқда барқарорликнинг ўрнатилиши ва миллий суверенитетнинг тикланишини тезлаштиради”.

Аннан, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашидан ташкилот вазифасини аниқ қилиб белгилашни сўрайди, чунки Бош Котиб айтишича, илгарги резолюцияларда БМТ ваколатлари жуда мавҳум белгиланган эди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Женева йиғини Бош Ассамблеянинг йиллик сессиясидан 10 кун олдин ўтказилмоқда. Мутахассислар фикрича, бу давр ичида АҚШ Кенгаш аъзоларини муросага келишга кўндиришга ҳаракат қилади.

Октябр ойида эса Испания пойтахти Мадридда халқаро донорлар йиғилиб, Ироққа ёрдам кўрсатиш масаласини кўриб чиқадилар. Женева учрашуви натижалари Мадрид конференцияси якунларига ҳам бевосита таъсир қилади.
XS
SM
MD
LG