Линклар

ИПОТЕКА – ЧИРОЙЛИ СЎЗ. ҲИСОБНИ ТЎҒРИ ОЛМАСАНГИЗ-ЧИ?

  • Сарвар Усмон

Кейинги йилларда уй-жой солиш бир камбағалга осон бўлиб қолди, бир - пули борга. Камбағал давлатдан бир парча ер олса бас - бир этак боласи билан гувала думалатади-да, деворни тиккалаб, бир амаллаб томини ёпиб олади.

Пули борнинг ишини гапирмасаям бўлади. Устанинг қўли гулини, материалнинг ҳам гулини ишлатади. Эрта баҳорда пойдеворни қуйдирадию кеч кузда янги қасрга кириб яшайверади.

Қийин-қийин, ўртаҳолга қийин бўлди. Камбағалдан бойроқ, бойдан камбағалроқ яшайдиган кишининг эплаб-сеплаб ҳужра қуриб олишга ғурури йўл қўймайди. Каттароқ жой солишга нақд пули етарли эмас. (Насяси унишини биладию қачон униши аниқ эмас).

Ана шундай пайтда қарзнинг "ипотека" деган тури жонга оро кириши мумкин.

Ипотека тўғрисида "Ўзбек Совет Энциклопедияси" мана бундай тушунча беради:

"Ипотека - юнонча "қарз" дегани. Капиталистик мамлакатларда кўчмас мулк (ер, бино)ни гаровга қўйиш йўли билан кредит муассасаларидан олинадиган қарз..." Давомини ўқимаймиз.

Энциклопедия тилини ўзимизнинг тилимизга ўгирсак, бундай бўлади: қарзни оласиз, уйни қурасиз ва қарзни устамаси билан қайтарасиз. Қайтаролмасангиз, қурган уйингиз ҳақдорга ўтиб кетади.

Чидаганга чиқарган ўйин. Маълум бўлишича,
баъзи постсовет мамлакатларида бундай ўйинга чидайдиганлар қатлами анчайин қалинлашиб қолган.

Россия Федерацияси Қурилиш ва Турар-жой Коммунал Комплекси бўйича Давлат Комиссияси Раиси Ўринбосари Анатолий Петраковга кўра:

- Ўтган йили Россияда қарийб 34 млн. квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилган бўлиб, унинг қарийб 10 фоизи ипотека асосида қурилган.

Россия вакили бу гапни 10, 11 сентябр кунлари Бишкекда бўлиб ўтган бир йиғинда айтди. МДҲ мамлакатлари Қурилиш соҳасида Ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро Кенгашининг Қирғизистон пойтахтида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ипотека масаласи кўпроқ тилга олинди, деб хабар беради Бишкекдаги мухбиримиз.

Кун тартибидаги 14 масала қаторида ипотека масаласини ҳам муҳокама қилган МДҲ Комиссиясига мезбонлик қилган Қирғизистоннинг ўзида ипотека тўғрисидаги гап-сўзлар эндигина бошланмоқда. Қирғизистон Республикаси Қурилиш ва Архитектура бўйича Давлат Комиссияси Раиси Анвар Турсуновга кўра, уй жой қурилиши учун қарз беришга мамлакатнинг иқтисодий имкониятлари ҳозирча етарли эмас.

- Уй-жой қуришга кредит бериш учун икки асосий шарт бўлуви зарур. Биринчидан, давлатнинг қарз бериш имконияти, иккинчидан, кредитнинг қайтарилишига кафолат бўлиши керак, - дейди Қирғизистон вакили.

Жаноб Турсуновга кўра, Қирғизистонда бундай шароит йўқ. Бу мамлакатдаги банклар биринчидан, узоқ муддатга кредит бермайди, иккинчидан, устама ҳажми 30 фоиз атрофида. Анатолий Петраковнинг айтишича, Россияда кейинги йилларда очилган бир неча ипотека банки оладиган устама одатда 10 фоизга ҳам етмайди.

Қирғизистонда ипотека билан боғлиқ муаммо чигаллигича қолиб келаётганига мамлакатда ҳалигача "Гаров тўғрисида"ги қонуннинг йўқлиги сабаб бўлмоқда, дейди Қирғизистон Республикаси Бош Вазири Николай Танаев.

Хуллас, Бош Вазир Николай Танаевга кўра, агар парламент "Гаров тўғрисида"ги қонунни қабул қилса, фуқаролар ҳамда юридик шахсларга турар- жой қуриш учун кредит ажратиш масаласи анча осонлашиб қолади.
XS
SM
MD
LG