Линклар

logo-print

Европа Иттифоқи ва Америка ўртасида йўловчилар ҳақидаги ахборотдан қандай фойдаланиш ҳақида келишмовчиликлар чиқди.


Акрам Файзулло Европа Комиссиясига кўра, Вашингтон маъмурияти АҚШ Хавфсизлик департаменти учоқлари Америка аэропортларига учаëтган Европа ҳаво йўллари компаниялари томонидан берилган йўловчилар ҳақидаги ахборотдан қандай фойдаланаëтгани борасида маълумот беришдан бош тортмоқда.

Феврал ойида Европа Иттифоқи Қўшма Штатлар билан йўловчилар ҳақидаги ахборотдан биргаликда фойдаланишга рози бўлди. Натижада 5 мартдан буëн АҚШнинг чегара ва божхона мутасаддилари йўловчилар ҳақида компютерга жойлаштирилган ахборотдан тўлиқ фойдаланмоқдалар. Вашингтон маъмуриятига кўра, террорчилар ва жиноятчилар Қўшма Штатларга боришидан аввал бундай ахборот билан ўз вақтида танишиб чиқиш муҳимдир.

Аммо Европа Комиссиясининг билдиришича, Қўшма Штатлар феврал ойида имзоланган келишув шартларига хилоф равишда, Европа Иттифоқининг ахборотни ҳимоя қилиш қоидаларига амал қилмаяпти.

Европа Комиссиясининг матбуот вакили Жонатан Тод бу ҳақда мана буларни айтади:

- Бизнинг бир неча хавотиримиз бор. Мисол учун, кўрсатмада ахборотдан маълум мақсадда фойдаланиш талаб этилади. Бу кўрсатмадаги асосий принциплардан биридир. Америкаликлар бизни бошқа бир принципда ҳам хавотирга солишмоқда. Мисол учун, сиз ва мен тузатиш имкониятига эга бўлишимиз керак. Айтайлик, сиз ва мен кимдадир бизнинг ҳақимизда нотўғри ахборот борлигидан хавотирланаяпмиз, биз бу ахборотни мустақил равишда тузатиш имкониятига эга бўлишимиз лозим, - деди Жонатан Тод.

Унинг айтишича, Қўшма Штатлар феврал ойида ваъда берганига қарамай, йўловчилар ҳақидаги зарур бўлмаган ахборотни, жумладан уларнинг телефон ва кредит карточкалари рақамларини тўсувчи компютер филтрларини ўрнатмаган. Европа Иттифоқи шунингдек, АҚШ божхона мутасаддилари йўловчилар ҳақидаги ахборотни мамлакатдаги бошқа органларга тарқатиши устидан назорат ўрнатилмаганидан ҳам хавотирланмоқда.

Европа Комиссиясининг матбуот вакилига кўра, келишмовчиликларни ҳал этиш учун Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар ўртасида икки томонни қониқтирувчи келишувга эришиш керак. У айни пайтда, Европа Иттифоқи ҳаво йўллари компаниялари ноқулай вазиятда қолганини гапиради:

- Айни пайтда, Европа Иттифоқининг ахборотни ҳимоя қилиш кўрсатмасида ушбу ахборот етарли ҳимоя қилиниши талаб этади. Демак, агар Европа Иттифоқидаги бирон бир давлатнинг ахборотни ҳимоя қилиш мутасаддилари мазкур ахборот етарли ҳимоя қилинмаëтганини аниқласалар, улар кўрсатмага кўра, ахборотдан фойдаланишни тўсиб қўйишлари ëки ҳаво йўллари компанияларидан маълум чоралар кўришни талаб этишлари керак. Бу эса, ҳаво йўллари компанияси ëки йўловчи ҳақида маълумотни сақловчи компютер тармоғининг ахборот билан таъминлагани учун ахборотни ҳимоя қилиш давлат мутасаддилари томонидан жарима солинишига ва Америка мутасаддилари томонидан ахборот билан таъминламагани учун жарима солинишига олиб келиши мумкин”, - деди Жонатан Тод.

Европа Комиссиясининг матбуот вакили кўра, Европа Иттифоқи Қўшма Штатларнинг хавфсизлик борасидаги хавотирларини тушунса-да, ҳозирги вазиятдан норозидир. У АҚШ Хавфсизлик департаментининг делегацияси Европа Иттифоқи расмийлари ушбу масала юзасидан музокаралар ўтказиш учун 22 сентябрда Брюсселга боришини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG