Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:33

Хоразмда масжид кўп, намозхон эса….


Сўнгги ўн йил ичида Хоразм вилоятида 90 га яқин масжид, Урганч шаҳрида ислом илмидан сабоқ бериладиган мадраса ишга туширилди. Совет даврида эса вилоятда бор-йўғи учта масжид бор эди.

Урганчдаги Юсуф Ҳамадоний масжиди имом-хатиби Илҳом Машарифнинг сўзларига қараганда, мустақиллик йилларида мусулмонларнинг эътиқод эркинлиги кўпроқ таъминланмоқда. Унинг айтишича, бунга Ўзбекистон Республикаси Президенти олиб бораётган сиёсат сабабдир.

- Давлатимиз мадрасани компьютерлар, видеомагнитофонлар, турли техникавий ускуналар билан жиҳозлаган, - дейди Илҳом Машариф. – Буларнинг барчаси ёшларнинг ислом илмини ўрганиши ва шунга эҳтиёж борлиги учун амалга оширилмоқда.

Аммо айрим маҳаллий кузатувчилар баъзи фактлар давлатнинг бу қадар «динпарварлиги»ни шубҳа остига қўйишини қайд этишмоқда. Урганч марказий бозори дарвозаси ёнида «Диққат, қидирув» деган ўқлоғдек ёзувларга кўзингиз тушади. Унинг остида юзга яқин шахснинг фотосуратлари ва номлари келтирилган. Маълумотларга қараганда, бу одамларнинг аксарияти яширин диний ташкилотлар аъзолари бўлиб, ички ишлар идоралари томонидан қидирилмоқда. Бу шахсларнинг кўпчилиги Хива, Қўшкўпир ва Янгибозор туманларидан экан.

Кузатувчиларнинг айтишича, вилоятда ишсизлик даражасининг юқорилиги кишиларни яширин диний оқимларга кириб кетишга ёки гиёҳвандликка рўжу қўйишга мажбур этмоқда.

Илҳом Машариф бундай шахсларни «адашганлар», дея таърифлади.

Унинг айтишича, бозор олдида сурати осиб қўйилган одамлар орасида ҳақиқатан ҳам хоразмликлар бор.

Хоразм вилоятига борган одам чойхоналарда чўчқа гўштидан кабоб пиширилишининг гувоҳи бўлади. Чиройли чойнакларда эса мижозларга ароқ таклиф этилади. Шинам дискотекаларда фоҳишаларни топиш мумкин.

Кўпчилик шунча масжиду мадрасалар бор жойда чўчқа гўштию ароқ савдоси, фоҳишабозлик авж олаётганини ажабланарли ҳол сифатида баҳоламоқда.

Буни эътиқод сусайиши сифатида баҳолаш керакми ёки аксинча виждон ва эътиқод эркинлигининг бир кўринишими, деган савол кўпларни ўйлантираётган бўлса ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG