Линклар

logo-print

11 сентябр воқеалари Ўзбекистонни АҚШнинг стратегик ҳамкорига айлантирди


Тўлқин Бироқ бу мамлакатда демократик жараёнларнинг тезлашишига сезиларли таъсир ўтказаётгани йўқ. Буни Ўзбекистондаги демократик партиялар, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари ҳам тасдиқламоқда.

2001 йил 11 сентябрда Ню-Йорк ва Вашингтонда содир бўлган террор ҳаракатларидан кейин Америка ва Ўзбекистон орасидаги муносабатлар янги поғонага кўтарилди. Террорчиликка қарши глобал курашда расмий Тошкент АҚШнинг минтақадаги энг яқин шерикларидан бирига айланди.

Икки мамлакат муносабатларидаги ушбу илиқлашув Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатига қанчалик таъсир ўтказаётганини ўзбекистонлик кузатувчилар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, оддий халқ вакиллари, сиёсатчилар турлича баҳолаётир.

«Бирлик Халқ Ҳаракати» партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажоновнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон анча вақтдан буён ўзига қудратли стратегик ҳамкор топиш илинжида эди. «Бундай ҳамкор аввал Туркия, кейин Жанубий Корея ва Россия тимсолида намоён бўлди. 11 сентябрь воқеалари Ўзбекистон ҳукумати учун АҚШ билан яқинлашишга имконият яратиб берди. Билишимизча, терроризмга қарши курашда биргаликда ҳаракат қилиш ташаббуси Ўзбекистондан чиққан», дейди Дадажонов.

Унинг сўзларига қараганда, бу борадаги икки йиллик ҳамкорлик Ўзбекистон ҳукуматига маълум даражада фойда келтирган бўлса-да, Ўзбекистон халқига ҳеч қандай наф бермаган.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Жиззах вилояти Дўстлик тумани бўлими раиси Эгамназар Шаймановнинг айтишича, АҚШнинг Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ташкилотларини қўллаб-қувватлаш борасидаги таъсири сўнгги йилларда анча сезилмоқда. Хусусан, "Фридом Хаус" (Freedom House), "Ҳюман Райтс Уотч" ( Human Rights Watch) каби халқаро ташкилотларнинг мамлакатда фаолият кўрсатиши яхши натижа, дейди у.

«Эрк» Демократик Партияси фаоли Жаҳонгир Шосалимов эса Ўзбекистон раҳбариятининг Америка билан яқинлашуви Тошкент ҳукуматининг демократик тизим барпо этиш ниятидан келиб чиққан эмас, деб таъкидлайди. У мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва демократик кучларга нисбатан тазйиқлар асло камаймаганини бунга мисол қилиб келтиради.

- Шариатда миллатга, ватанга, халққа фойдали аҳкомлар кўп, - дейди Ж.Шосалимов. – Исломда порахўрлик, судхўрлик ҳаром қилинган, адолатлилик, тўғри сўз айтиш каби хислатлар эса улуғланади. Шунинг учун ҳам ҳукумат диндорларга нисбатан тазйиқни камайтириш ўрнига, аксинча, кучайтирмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Эгамназар Шайманов Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлиги оддий халқ ҳаётига таъсир этмаётганини таъкидлайди. Унинг айтишича, бу ҳамкорлик тўғрисида ОАВда кўп чиқишлар қилинаётган бўлса-да, фикру хаёли кун кўришда бўлган оддий халқни бу масала асло қизиқтираётгани йўқ.

Бугунги кунда кўпгина ўзбекистонликлар АҚШ билан муносабатлар ташқи сиёсатда фойда бераётгани билан мамлакат ичида, хусусан, суд, қонунчилик, ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида ўзгариш кўринмаётганидан нолимоқда.

Кузатувчилар сиёсий жиҳатдан АҚШнинг Ўзбекистон ҳукуматига таъсири бироз сезилаётганига урғу беряпти. Хусусан, улар «Эрк» ва «Бирлик Халқ Ҳаракати» партияларининг вилоятларда анжуманлар ўтказишини ҳукумат ёқламаса-да, бунга тўсқинлик қилмаётганини ижобий баҳолаётир.
XS
SM
MD
LG