Линклар

logo-print

Агентлик Эронга муҳлат берди, Теҳрон эса уни АҚШ найига ўйнаётганликда айблади


Фарангис Саид Агар 31 октябргача, яъни белгиланган муддат ичида Эрон Ядровий Қуролларни Тарқатмаслик ҳақидаги Битимни бузгани аниқланса, унга нисбатан иқтисодий санкциялар қўлланилиши мумкин. Бундан ташқари, Теҳрон бошқа мамлакатлар билан ядровий технологиялар алмашиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. (Бугунги кунда Эрон бу соҳада Россия билан ҳамкорлик қилмоқда.)

Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентликка аъзо 35 давлат вакиллари жума куни Венада махсус резолюция орқали Теҳронга мана шу шартларни қўйдилар.

Расмий Теҳрон ядровий қурол устида иш олиб бораётганини шу кунгача инкор этиб келган. Унинг таъкидлашича, ядровий дастур фақат электр энергиясини ишлаб чиқариш мақсадида амалга оширилади.

Агентлик раҳбари Муҳаммад Эл-Барадей Венада мана бундай деди:
- Эрон ядровий энергиядан тинчлик йўлида фойдаланишга ҳақли. Агентлик қабул қилган қарордан мақсад эса Эрон ядровий дастуридан ҳақиқатан ҳам тинчлик йўлида фойдаланаётгани далилларини қўлга киритишдир.

Натанз шаҳридаги заводда уран моддаси излари топилгани Эрон ядровий қурол устида иш олиб бораётгани ҳақидаги тахминларга асос солди. Агентликнинг 26 август кунги ҳисоботида ушбу тахминлар ўз акссини топди.

Ўшандан буён Вашингтон Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентлик орқали Эронга босим ўтказмоқда.

АҚШ Давлат департаменти вакили Адам Эрелининг жума куни Вашингтонда таъкидлашича, агар Эрон 31 октябргача ядровий қурол ишлаб чиқармаётганини исботловчи далилларни Агентликка тақдим эта олмаса, бу тегишли иш олиб борилаётгани белгиси бўлади:

- Биз Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентликнинг бошқа аъзолари билан биргаликда Кенгаш йиғинида Эрон масаласини муҳокама қиламиз. Агар Теҳрон далилларни тақдим этмаса, у Ядровий Қуролларни Тарқатмаслик ҳақидаги Битимни бузган, деган хулоса қилинади ва БМТ Хавфсизлик Кенгашига тегишли ҳисобот берилади.

Эрон билан ядровий соҳада ҳамкорлик қилаётган Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов Эрон ядровий қурол ишлаб чиқармаётганини исботлаши лозимлигини эътироф этди. Айни вақтда у Москва Теҳрон билан ядровий соҳадаги ҳамкорликни давом эттиришга умид қилаётганини билдирди.

Эроннинг ўзи эса Агентлик қароридан ниҳоятда норози. Теҳрон делегацияси жума куни қарор эълон қилиниши билан йиғин бўлиб ўтаётган зални тарк этди. Делегацияга раҳбарлик қилган Али Акбар Солиҳий “резолюция матнида Ядровий Қуролларни Тарқатмаслик ҳақидаги Битимнинг Қўшимча Протоколида кўзда тутилмаган шартлар борлиги”ни айтиб, “бу Ғарб давлатлари масаланинг на техникавий, на қонуний жиҳатларини ўрганиш ниятида эканларини намойиш қилади”, деб таъкидлади.

Эрон Ташқи ишлар вазири Камол Харрозий қарор “яхшилаб ўйлаб чиқилмаган”, деб, унинг ортидаги сабаблар сиёсий эканини айтди.

Харрозий фикрича, Агентлик текширув ишларини якунламай туриб, бундай қарор қабул қилмаслиги керак эди. 31 октябргача муҳлат, яъни Теҳронга ажратилган 45 кун эса барча далилларни тақдим этиш учун етарли эмас.

Эрон расмийси, шунингдек, Агентликни АҚШ найига рақс тушаётганликда айблади.
XS
SM
MD
LG