Линклар

Президентлик сайловларига тайёргарлик кўраётган Озарбайжон ҳукумати босимга учрамоқда.

  • Ҳасанжон

Европа Кенгаши Парламент Ассамблеясининг сиёсий гуруҳлари вакилларидан иборат делегациянинг Озарбайжонда президентликка даъвогар номзодлар, сайлов кампанияси расмийлари ҳамда адлия тизими вакиллари билан учрашиши кутилмоқда. Делегация кун тартибида шунингдек, журналистлар ва нодавлат ташкилотлари вакиллари билан ҳам учрашувлар белгиланган. Президент Ҳайдар Алиев АҚШда даволанаётгани сабабли Европа вакиллари у билан учраша олмайдилар. Ҳайдар Алиев президентлик сайловлари пайтида Озарбайжонда бўлиш-бўлмаслиги ҳозирча ноаниқ.

Делегацияга Швецария парламенти депутати, Европа Парламент Ассамблеясининг сиёсий масалалар ва Озарбайжон бўйича мутасадди вакили Андреас Гросс бошчилик қилмоқда. Гросс Озод Европа Озодлик радиосига берган интервюсида, делегация аъзолари Озарбайжон раҳбарлари билан қатор масалаларни муҳокама этмоқчи эканлигини маълум қилди: “Сайлов арафасида бизни ташвишга солаётган қатор масалалар бор. Энг муҳими, муҳолифат вакиллари ўзларини сайлов жараёнларидан сиқиб чиқарилгандек хис қилмоқдалар. Турли сиёсий қатламлар ўртасида очиқ ва эркин мулоқот йўқ. Турли сиёсий дастурларни муҳокама этиш учун эркин матбуот мавжуд эмас. Президент асосий номзод бўлгани ва у сайлов кампаниясида қатнашмаётгани сабабли бу жараёнда шаффофлик йўқ. Хуллас, чигал масалалар кўп”, - дейди Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси делегацияси раҳбари Андреас Гросс.

Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси делегациясининг тўрт кунлик сафаридан олдин Европа Кенгаши вазирлар кенгаши Озарбайжон ва Арманистонни, 3 йил олдин Страсбургда мазкур ташкилотга аъзо бўлаётган пайтида берган ваъдаларининг устидан чиқмагани учун қаттиқ танқид қилди.

Тоғли Қорабоғ можароси ҳал этилмагани, инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлиги ва Совет Иттифоқидан меърос қолган фуқаролар ҳуқуқларини чекловчи қатор қонунларга эга бўлган Арманистон ва Озарбайжон 2001 йил январида Европа Кенгашига аъзо бўлган эди. Ўшанда Кенгаш икки рақиб давлатнинг бир ташкилотга аъзо бўлиши, ўзаро тинчлик ҳақидаги шартномага эришиш ҳамда демократик ислоҳотларни жадаллаштиришда ёрдам беришига умид қилган эди.

Европа Кенгаши Вазирлар Кенгашининг 4 сентябр куни эълон қилган ҳисоботида Тоғли Қорабоғ масаласида муваффақиятга эришилмагани алоҳида таъкидланган. Кузатувчиларга кўра, Арманистон ва Озарбайжонда сўнгги 18 ой ичида бу борада олдинга силжиш бўлмаган.
10 сентябр куни Европа Кенгаши Бош котиби Волтер Швиммер ва матбуот эркинлиги бўйича Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти вакили Фреймут Дюв Озарбайжонда мухолифат ва мустақил матбуот тазйиққа учраётганидан ташвиш билдирдилар.

Европаликларни айниқса, Президент Ҳайдар Алиев режимига мухолиф фуқароларининг қамоқда сақланаётгани хавотирга солмоқда.

Озарбайжон ҳукумати қамоқхоналарда сиёсий маҳбуслар йўқлигини даъво қилиб, 1995 йилдан бери 5 мингдан ортиқ маҳбусга амнистия эълон қилинганини айтади. Шунга қарамай, Европа Кенгаши Алиев режимига қарши бўлган 300дан ортиқ фуқаро панжара ортида сақланаётганини таъкидлайди.

Элдар Зейналов Бакудаги Озарбайжон Инсон ҳуқуқлари маркази нодавлат ташкилоти директори. У сиёсий маҳбуслар бўйича Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти билан яқиндан ҳамкорликда ишлайди. Зейналов, кўпгина сиёсий маҳбуслар озод этилган бўлсада, сўнгги йилларда янги сиёсий маҳбуслар пайдо бўлганини айтади: “Мен тақдим этган рўйҳатдаги 716 маҳбуснинг 530 нафари озодликка чиқди. Уларнинг айримлари жазо муддатини тўлиқ ўтади. Бошқалари, яъни, кўпчилик амнистия қилинди. Ҳозирда, дастлаб тақдим этилган рўйҳатда бўлган 220 маҳбус қамоқда қолмоқда. Айни пайтда, сўнгги икки ярим йил ичида яна 130 нафар сиёсий маҳбуснинг имси рўйхатга киритилди”, - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Элдар Зейналов.

Озарбайжондаги фуқаролик жамияти масалалари билан шуғулланувчи гуруҳларга кўра, барча камчиликларга қарамасдан, Европа Кенгаши чекланган бўлсада, инсон ҳуқуқлари борасида Озарбайжон ҳукуматига ижобий таъсир кўрсатган. Улар, Европа Кенгаши босимисиз Алиев режими шунча сиёсий маҳбусни озод этмаган бўлишини алоҳида таъкидладилар.
XS
SM
MD
LG