Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:30

Бангкокда миналардан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидаги Оттава Конвенциясини жорий этиш масаласига бағишланган халқаро анжуман бошланди.


Акрам Файзулло

Душанба куни Бангкокда барча мамлакатларни миналардан фойдаланишни, ишлаб чиқаришни ва бу қуролларни сақлашни тўхтатишга чақириш учун халқаро анжуман бошланди.

Миналардан Фойдаланишни Таъқиқлаш бўйича Халқаро Кампания, деб аталган нодавлат ташкилот БМТ томонидан уюштирилган мазкур 5 кунлик конференцияга 250 дан ортиқ фаол, мина майдонини тозаловчи мутахассислар ва тадқиқотчиларни жўнатди.

Миналардан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисидаги 1997 йилги Оттава Конвенциясини жорий этиш масаласига бағишланган ушбу анжуманда шунингдек, 70 мамлакатдан мина портлаши оқибатида майиб-мажруҳ бўлиб қолган одамлар ҳам қатнашмоқда.

Миналардан Фойдаланишни Таъқиқлаш бўйича Халқаро Кампания матбуот вакили Су Викслер Озод Европа-Озодлик радиосига айтишича, кўплаб мамлакатларда миналарни қўллаш камайган бўлса-да, олдинда ҳам кўп ишлар турибди.

“Биз бу ерга ҳукуматларни миналардан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисидаги келишувни жорий этиш учун ўз имкониятларидаги барча ишларни қилишга ундаш мақсадида келдик. Осиëда жуда кўп ишлар турибди. Минтақада миналар кўплиги жиҳатидан аҳвол жуда ҳам ëмондир. Бу ерда пиëдаларга қарши миналар ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчилар сони катта, кўплаб миналар сақланмоқда”, - дейди Су Викслер. Унинг айтишича, агар у ëки бу мамлакат миналардан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисидаги 1997 йилги Оттава Конвенциясини имзоламаган бўлса ҳам, унинг пиëдаларга қарши миналарни қўллаши халқаро қонунларга хилофдир.

“Халқаро қонунларга кўра, пиëдаларга қарши миналарни қўллаш ғайри қонуний ҳисобланади. Улар ғайри инсонийдир, улар ҳеч нарсанинг фарқига бормайди. Демак, хатто конвенцияга қўшилмаган мамлакатлар ҳам , пиëдаларга қарши миналарни қўллашни давом эттириш орқали халқаро гуманитар қонунларни бузмоқдалар”, - деди Су Викслер. Аммо унинг айтишича, мазкур масалада Ироқ ва Афғонистонга ўхшаган мамлакатларда ижобий ўзгаришлар руй бермоқда. Су Викслерга кўра, Қўшма Штатлар эса миналардан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисидаги конвенцияни имзоламаган бўлса-да, сўнгги Ироқ урушида пиëдаларга қарши миналарни қўлламаган. Миналардан Фойдаланишни Таъқиқлаш бўйича Халқаро Кампания матбуот вакили Афғонистонда катта майдонлар минлаштирилганида фақат маҳаллий аҳолини айблаш нотўғри эканини айтади:

“Биздаги маълумотларга қараганда ва менимча буни халқаро ҳамжамият ҳам эътироф қилган, яъни Афғонистон урушида қатнашган деярли барча томонлар миналардан фойдаланган. Албатта, Совет кучлари миналар қўллагани ҳақиқатдир. Аммо, ўтмишда Афғонистондаги бошқа кўплаб кучлар ҳам миналардан фойдаланди”, - дейди Су Викслер. Унинг айтишича, Афғонистон ўтган йили миналардан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани туфайли, мамлакатдаги мина майдонларини тозалаш ва қайта тиклаш ишлари халқаро моливий ëрдам билан таъминламоқда.

Миналардан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисидаги 1997 йилги конвенцияни кенгроқ ҳаëтга тадбиқ этиш масаласига бағишланган Бангкок анжуманида ушбу келишувга қўшилмаган кўплаб мамлакатларнинг номояндалари ҳам кузатувчилар сифатида қатнашмоқдалар. Аммо Қўшма Штатлар учрашувга расмий кузатувчиларини жўнатмаган.
XS
SM
MD
LG