Линклар

Ўзбекистонда Интернет устидан назорат ўрнатишга ҳаракат қилинмоқда


Нодира. Интернет тармоғидан фойдаланаётган ўзбекистонликлар сўнгги пайтларда янги муаммога дуч келмоқда. Гап шундаки, баъзи сайтларда Ўзбекистон ҳақида берилган мақолалар дарҳол ёпиб қўйиляпти. Масалан, сайт мундарижасида мақола номи бор, лекин уни очишнинг иложи бўлмаётир.

Кузатувчиларнинг айтишича, Ўзбекистон ва унинг ҳукуматига тегишли мулоҳазалар билдирилган мақолалар Ўзбекистоннинг ўзида ёпиб қўйилмоқда.

Мустақил кузатувчиларнинг аксарияти бунинг сабабини шу йилнинг январ ойидан бошлаб Усмон Ҳақназаров исмли шахс Ўзбекистон ҳукумати фаолиятига дахлдор бир қанча жиддий таҳлилий материалларни Интернетда эълон қилгани ва уларнинг халқ ўртасида катта шов-шувлар уйғотганида кўрмоқда.

Шунингдек, сўнгги бир йил давомида мамлакат раҳбарияти фаолиятига доир танқидий чиқишлар, инсон ҳуқуқларининг бузилиши, қамоқхоналардаги қийноқлар хусусидаги маълумотларнинг кўпайиб бораётгани ҳам мамлакат ҳукуматини Интернет устидан назоратни кучайтиришга ундамоқда, дейди улар.

Ўзбекистондаги провайдерлар аҳолидан айрим материалларнинг очилмаётганидан шикоят кўпаяётгани, бироқ бу ўзларининг фаолиятига дахлдор эмаслигини айтмоқда.

«Саркор телеком» провайдери вакилининг сўзларига қараганда, провайдер сайтга кириш имкониятини тўсмаяпти. Бу юқоридаги ташкилотлар иродасига боғлиқ ҳолат, деди у.

Айни пайтда «centrasia.ru» сайти энг кўп таъқиққа учраётган сайтлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Жумладан, «Найтов» провайдерига уланган компьютерларда ушбу сайт очилмаётир, демоқда Интернетдан фойдаланувчилар.

Ушбу сайт бугунги кунда ўзининг кўплаб мухлисларига эга. Унда Марказий Осиё минтақасига доир муҳим ва қизиқарли материаллар, халқаро экспертлар қаламига мансуб таҳлилий мақолалар бериб борилади.
“ЎзПАК» провайдери вакилининг сўзларига қараганда, беркитилаётган сайтларда аксарият ҳолларда таъқиқланган, мамлакат хавфсизлигига раҳна солаётган материаллар бўлади. Бундай тадбирлар мамлакат ҳукумати, Президент доирасида ҳал этилади ва шу каби материаллар хавфсизлик органлари томонидан ёпилади. Интернет орқали нимани ўқиш-ўқимасликни улар ҳал қилади, дейди «ЎзПАК» вакили.

15 сентябр куни «centrasia.ru»да эълон қилинган, бироқ матни беркитилган «Оддий ўзбек нимани ўқиши мумкин эмас?» мақоласи муаллифи, «Фридом хаус» ташкилоти ҳузуридаги Ўзбекистон қонунчилиги ижтимоий мониторинги бўйича ишчи гуруҳ мувофиқлаштирувчиси Аҳтам Шоймардоновнинг фикрича, сайтлардаги мақолалар расмий матбуот билан кескин рақобатлаша бошлади.

Унинг айтишича, одамлар Интернетдан мамлакат ҳаётига оид тақчил маълумотларни ола бошлагани ҳукуматга ёқмаётир.

Айни кунларда ҳам Ўзбекистонда сайтларни ёки улардаги айрим мақолаларни ёпиш ҳоллари давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG