Линклар

logo-print

Исроил ҳукумати Арафат масаласидаги позициясини юмшатишга уринаëтганга ўхшайди.


Акрам Файзулло Исроил расмийлари Фаластин раҳбари Ясир Арафатни ҳокимиятдан четлаштириш ҳақидаги баëнотларини бироз юмшатишга уринаëтган кўринмоқда.

Хусусан, Исроил Ташқи Ишлар Вазири Силван Шалом ҳукумати Арафатга қарши суиқасд уюштириш ниятида эмаслигини баëн қилди. Куни кеча Исроил Бош Вазири ўринбосари Эҳуд Олмерт Арафатни ҳокимиятдан четлаштириш учун уни ўлдириш ëки Фаластиндан чиқариш Исроил ҳукумати олдида турган имкониятлар эканини айтган эди.

Аммо Ташқи Ишлар Вазири Шалом Олмертнинг ушбу гаплари Исроил ҳукуматининг расмий позициясини акс эттирмаслигини таъкидлади. Кузатувчилар фикрича, Исроил ҳукуматининг Арафат масаласидаги позициясини ўзгартирганига халқаро ҳамжамият, хусусан Қўшма Штатлар босими сабаб бўлган. Яқинда АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл Арафатни ўлдириш ëки уни Фаластиндан чиқариш ҳақидаги Исроил мулозимлари баëнотларини танқид қилиб, бундай ҳаракатлар араб ва мусулмон дунëсида кескин норозиликларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди.

Шунга қарамай, Исроил ҳукумати Арафатни ҳокимиятдан четлаштириш ниятидан қайтмаганга ўхшайди. Исроилнинг БМТдаги вакили Дан Гиллерман Арафат ҳокимиятдан кетганидан кейингина, Яқин Шарқ тинчлик жараëнида илгари силжишлар рўй беришини қайд этди.

“Глобал террорчиликни Арафат яратган. Шуни била туриб, орамиздаги давлатлар қачонгача Арафатни ўз халқи фаровонлиги учун курашаëтган ва қўшнилари билан тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилаëтган қонуний раҳбар сифатида тақдим этишни давом эттирадилар”, - деди Дан Гиллерман.

Айни пайтда, Фаластиннинг БМТдаги намояндаси Насер ал-Кидва Исроил ҳукуматининг Арафатга қарши ҳаракатлари ғайриқонуний ва ақлсизлик бўлишини айтди.

“Ҳозирги муҳим вазиятда, Фаластин ери ва халқи босқинчи томоннинг мулки эмаслигини қатъий равишда билдириш керак. Арафатни Фаластиндан чиқариб юбориш ëки шу таҳдидни такрорлашнинг ўзи фаластинлар миллий ғурурига нисбатан ҳақоратдир. Бу Фаластин Муҳторияти тугатилишига ва икки томон ўртасидаги тинчлик жараëни йўқ бўлишига олиб келади”, - деди Насер ал-Кидва.

Айни пайтда, душанба куни БМТнинг Яқин Шарқ бўйича вакили Тере Роед-Ларсен БМТ Хавфсизлик Кенгашини минтақада тинчлик жараëни тўхтаб қолгани шунингдек, Исроил ва фаластинликлар ўртасида қон тўкилиши яна давом этиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Унга кўра, худкуш фаластинликларнинг ҳужумлари ва Исроилнинг бунга жавобан Фаластиндаги қуролли гуруҳларга қарши кўраëтган ҳаракатлари тинчлик ўрнатиш жараëниига катта зарар етказмоқда.

“Томонлар Йўл Харитаси режасини амалга оширишлари лозим, чунки бу равшан ғоя ўрнини босадиган режа йўқ. Яъни 1967 йили бошланган ишғол ва терроризм тугатилиши, Исроил билан ëнма-ëн тинчликда яшовчи Фаластин давлати яратилиши даркор.”, - деди Тере Роед-Ларсен.

Айни пайтда, Вашингтон маъмурияти , агар Фаластин ҳудудларида исроилликлар учун турар жойларни қуриш ишлари давом эттирилса, Исроилга қарши иқтисодий санкциялар қўллаши мумкинлиги билдирилди. Номи ошкор этилишини хоҳламаган АҚШ расмийларига кўра, бундай турар жойларни қуриш учун сарфланган маблағ Американинг Исроилга берадиган қарзи ҳисобидан камайтирилади. Лекин АҚШ расмийси ҳозирча бу ҳақда аниқ қарор берилмаганини айтди. Шу билан бирга Вашингтон Исроил Ғарбий Соҳилда хавфсизлик деворларини ўрнатаëтгани учун ҳам уни молиявий жиҳатдан жазолаши-жазоламаслиги ҳозирча номаълум. Яқинда президент Буш ушбу деворларни тинчлик ўрнатиш ҳаракатларида муаммо, деб атаган эди.
XS
SM
MD
LG