Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:09

Ўзбекистон матбуотида мардикорлар мавзуи


«Туркистон» ва Зеркало XXI» газеталарида эълон қилинган шу мавзудаги мақолаларда кишиларни мардикор бозорига чиқишга ундаган сабаблар, у ердаги аҳвол, мардикорлик қилувчи одамлар муаммолари ҳақида ҳикоя қилинган.

Ўтган ҳафтада мамлакат марказий нашрларида асосий эътибор Малайзия қиролининг Ўзбекистонга ташрифи, Президент Ислом Каримовнинг Қорақалпоғистон Республикасига сафарига қаратилди. Шундай бўлса-да, ўзбек матбуотида шу кунгача қаламга олиниши қийин бўлган мавзулар пайдо бўла бошлади. Жумладан, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг бош нашри «Туркистон» газетасида мардикорлар ҳақида мақола чоп этилди.

Журналист Зиёда Ашурованинг ёзишича, Тошкентнинг «Чорсу»сидаги аёллар мардикор бозорда, асосан, 17 ёшдан 40-45 ёшгача бўлган хотин-қизларни учратиш мумкин.

Фарғоналик бир аëл мардикорлик қилишга уни вилоятда иш йўқлиги, иш бўлганда ҳам маош берилмаслиги ундаганини айтади. Мақолада айтилишича, бу аёл бировларнинг кирини ювиш, овқатини пишириш, уйини йиғиштириш орқали тирикчилик қилмоқда.

Зиёда Ашурова Озодлик мухбири билан суҳбатда "тирикчилик учун бола-чақасини ташлаб, узоқ вилоятлардан пойтахтга келган, бир бурда нон илинжида бировларнинг остонасида сарғайиб турадиган аёллар билан ҳамнафас бўлиш" ўзи учун ниҳоятда оғир кечганини айтади.

Журналистнинг сўзларига қараганда, мардикор бозоридаги ҳолат муаммо эмас, балки фожеадир.

Муштарий Юрий Угрюмовнинг ўтган ҳафтада «Зеркало ХХ1» газетасида чоп этилган мактубида ёзилишича, бугунги кунда Тошкентнинг барча катта бозорларида мардикор бозорлари мавжуд.

Мактуб муаллифи мардикорларнинг бир кунда топадиган даромадлари билан қизиқиб кўрган.

Топиш-тутушимиз ҳар хил,- дейди мардикорлардан бири. -Бир кунда 10 минг сўм ишлаган, 2-3 кунлаб бекор қолган пайтларимиз ҳам бўлади. Ижарага ҳар куни 300 сўмдан берамиз. 1000 сўм овқатланишга кетади. Агар милиция ушлаб олса, у ҳам 1000 сўм олади.

Газета таҳририяти ушбу мактубга муносабат билдириб, мардикор тилидан:

«Нега мен уйимдан узоқда яшашим керак?»,

«Нега мен оғир меҳнатим учун арзимаган чақа оламан?»,

«Нега мен қорни катта бойвачча олдида эгилишим, мени сотиб ол, дея унга ялиниб - ёлворишим керак?

Қани Ҳақиқат? Мен қишлоқда туғилганим ва у ерда иш бўлмагани учун жабр тортишим керакми?»,
каби саволларни ўртага ташлайди.
XS
SM
MD
LG