Линклар

Хитой Шимоли Корея билан чегардош минтақага ўз ҳарбий кучларини жойлаштирди


А. Арол Хитой расмийлари мамлакатнинг Шимолий Корея билан чегарасини мустаҳкамламоқда. Хитой Ташқи Ишлар Вазирлиги расмийлари сонини ошкор этмаган ҳолда, қўшимча ҳарбий кучлар Шимолий Корея билан чегара бўйлаб жойлаштирилганини маълум қилди. Гонконг пресс хабарига кўра, мазкур қўшинлар сони 150 минг атрофида.

Кузатувчилар фикрича, Хитойнинг ушбу ҳаракати икки коммунист давлат ўртасидаги муносабатларга жиддий таъсир қилиши мумкин. Корея уруши даврида эса, Хитой Шимолий Корея биргаликда АҚШ ва бошқа давлатларга қарши уруш олиб борган эди. Ҳозирга қадар Хитой билан Шимолий Корея ўртасида икки томонлама ҳарбий шартнома мавжуд.

Бир қатор таҳлилчиларга кўра, Хитойнинг Шимолий Корея чегараларига яқин жойларга қўшимча қўшин жойлаштиришига ҳеч қандай асос йўқ. Бироқ Хитой минтақадаги зиддиятлардан ташвишланаëтганга ўхшайди.

Гонконгдаги хитойлик ҳарбий таҳлилчи Ма Дингшинг фикрича, Хитойни Шимолий Кореядаги жорий вазият анча ўйламоқда, айниқса шимолий кореялик қочқинлар муаммоси.

Бошқа томондан Пекин ҳам Шимолий Кореянинг ядровий дастурини бефарқ қолдирмаяпти. Ғарб давлатларини Пхенян ҳукуматининг бу дастури хавотирга солмоқда. Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентлик эса Шимолий Кореяни бу дастурни тўхтатишга чақирмоқда. Агентлик бошлиғи Муҳаммад Эл Барадей Шимолий Кореяни ядровий қуролларни тарқатмайдиган давлатга айлантириш ғоясини олға сурмоқда:

"Менинг фикримча, биз Шимолий Кореяни қайта ядровий қуролларни тарқатмайдиган давлатга айлантиришимиз керак. Ядровий қуролларни ишлаб чиқиш ва уларни синовдан ўтказишнинг ўзи анча жиддий хавфдир".

Ўтган ой сўнгида Пекинда Шимолий Кореянинг ядровий дастури масаласи хусусида бўлиб ўтган олти томонлама музокаралар деярли натижасиз тугади. Кейнчалик Шимолий Корея расмийлари, бизга босим ўтказилаяпти, биз учрашувларни давом эттиришга рози эмасмиз, деб баëн қилдилар.

Бироқ Атом Энергияси бўеича Халқаро Агентлик раҳбари Эл Барадей Шимолий Корея билан бу борадаги музокараларни давом эттириш зарур, деб ҳисоблайди.

"Фикримча, Шимолий Корея билан кенг қамровли келишишга эришиш керак. Яъни, Шимолий Кореяга мамлакат хавфсизлиги борасида маълум кафолат берилади. Бунинг эвазига улар ядровий қуролларни тарқатмасликни ўз зиммасига олишлари лозим".

Маълумотларга кўра, Хитойни Шимолий Корея билан чегараси яқинига қўшимча ҳарбий куч жойлаштиришига Шимолий Кореялик қочқинлар муаммоси ҳам ундаган. Ҳозирда Хитойнинг шимоли-шарқий қисмларида 300 мингдан кўпроқ шимолий кореяликлар истиқомат қилишади. Пекин расмийлари Хитойда ғайри қонуний равишда яшовчи ва ишловчи шимолий кореяликларни ватанларига қайтиб кетишга мажбурламоқда. Аммо ватанларига қайтиб борган кишилар Шимолий Корея ҳукумати томонидан жазоланади.
XS
SM
MD
LG