Линклар

Олий Мажлис депутатлари ўзбек аёлларининг сиёсат билан шуғулланмаслигини маслаҳат бермоқда


САИДА. Ўзбекистонда давлат бошқарув органларида ишлаётганларнинг 86 фоизини эркаклар ташкил этади.

Тошкентдаги «Иқбол» ёшлар маркази гендер тенгликка муносабат, аёлларнинг жамиятда ва оиладаги ўрнига оид саволлар билан ўзбекистонлик эркаклар ўртасида сўров ўтказди. Ундан маълум бўлишича, эркаклар аёлларнинг жамиятдаги иштирокини иккинчи ва учинчи ўринга лойиқ топибди.

Мазкур тадбир ташаббускори, «Иқбол» ёшлар маркази раҳбари Нигора Ғаффорованинг айтишича, сўровда Олий Мажлис депутатлари, Президент Девони ва Вазирлар Маҳкамаси ходимларидан тортиб оддий ишчиларгача иштирок этган. Сўровда қатнашган депутатлар аёлларга сиёсат билан шуғулланмасликни маслаҳат берган. Уларнинг таъкидлашича, ўзбек аёллари давлат миқёсида фикр юрита олмайди.

Сўровдан маълум бўлишича,амалдорлар аёлнинг ўрни оилада, деб ҳисоблайди. Тадбиркорлар эса турмушдошининг пултопар бўлишини хоҳлар экан.

Оддий ишчи-хизматчи эркаклар: «Тенглик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, аёллар шундай ҳам гапга кирмайдиган, қайсар бўлиб кетяпти. Улар эркакларнинг бошига чиқиб олишга ҳаракат қилаётир», деган фикрда.

Сўров таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, эркаклар гендер тенгликка тиш-тирноғи билан қарши. Нигора Ғаффорованинг фикрича, бунинг сабаби эркаклар аёлларга ҳокимиятни бериб қўйишдан қаттиқ қўрқишидадир.

«Мазлум» ташкилоти раиси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ойгул Маматова сўров натижаларини шарҳлар экан, ҳокимиятда ва жамоат ишларида аёлларнинг иштироки кескин камайиб кетганини эътироф этади. У бунинг бир неча сабабларини келтириб ўтади:

- Республикамизда иқтисодий муаммолар жуда кўпайиб, унинг таъсири оилага, биринчи навбатда, аёллар зиммасига келиб тушмоқда, - дейди О.Маматова. – Бунинг натижасида хотин-қизлар жамоатчилик ва ижодий ишлар билан кўпроқ шуғулланиш ўрнига тирикчилик йўлига ўтиб кетди. Аёлларимиз мардикор бозорига чиқишга ҳам мажбур бўлмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2002 йилда Ўзбекистоннинг юқори ҳокимият органларида аёллар 14 фоизни, қонун чиқарувчи органларда 12 фоизни, ижроия органларида 15 фоизни ташкил этади. Қишлоқ хўжалигининг асосан аёллар ишлайдиган тармоқларида уларнинг бошқарувдаги ҳиссаси 8 фоиздан иборат.

«Аёл ва жамият» институти мутахассиси Наталья Муравьёва Ўзбекистонда аёллар мавқеи камситилган, деб ҳисоблашини билдирди. Унинг айтишича, мамлакатда гендер тенглик сақланмаяпти.

«Сиёсатда, меҳнат бозорида, таълим олишда тенг эмасмиз. Масалан, давлат бошқаруви органларида аёллар бор-йўғи 14 фоизни ташкил этади», - дейди Н.Муравьёва.

«МЕҲР» аёллар жамияти раиси Наима Холмуҳаммедова ўзаро тенгликка эришиш, аввало, аёлнинг ўзига боғлиқ, деб ҳисоблайди. Агар хотин-қизларнинг ўзи интилмас экан, унинг имкониятидан биров зўрлаб фойдаланмайди, дейди раиса.
Унинг айтишича, Олий Мажлиснинг ярми хотин-қизлардан иборат бўлган тақдирда аёл киши Президент бўлишига имконият пайдо бўлади.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам аёллар ҳуқуқий жиҳатдан камситилмоқда. Хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётда иштирок этиши у ёқда турсин, ижтимоий ҳимояси ҳам таъминланмаган, дейди улар.

Хўш, бу борадаги аҳволни қандай яхшилаш мумкин? Нигора Ғаффорова ушбу саволга жавоб берар экан, мамлакатда аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенг ҳуқуқлиликни ўнглаш курашсиз бўлмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG