Линклар

АҚШ Сурияни айблаб, Россияни танқид қилмоқда


Фарангис Саид

АҚШ Давлат Котиби муовини Жон Болтон сешанба куни Сурияни Ироқдаги АҚШ етакчилигидаги қўшинларга қарши ҳаракатлар олиб бораётганликда айблади. У, шунингдек, Дамашқ ҳукумати ядровий, биологик ва кимёвий қурол яратиш ишларини давом эттираётганини баён қилди:

- Биз Суриянинг Ироқдаги қоалиция қўшинларига нисбатан бир неча марта душманлик ҳаракатларини амалга оширганининг гувоҳи бўляпмиз. Сурия уруш арафасида ва ҳарбий ҳаракатлар давомида Ироққа ҳарбий жиҳозларнинг олиб келинишига йўл қўйди. У, шунингдек, кўнгиллиларга Ироқ ҳудудига ўтиб, бизнинг ҳарбийларимизга қарши ҳужумлар уюштириш ва уларни ўлдириш имконини яратиб берди ва ҳамон буни давом эттирмоқда.

Шундай дер экан, Жон Болтон Сурия ядровий қурол ишлаб чиқаришда хорижий давлатлар, хусусан Россиядан ёрдам сўраётган бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Болтоннинг айтишича, Россия тажрибаси ёрдамида Сурия ядровий қурол яратиш имкониятларини анча кенгайтириши мумкин.

Аммо Сурия Ташқи ишлар вазири Фарук ал-Шаара Вашингтон баёнотларини инкор этмоқда.

Оқ Уйдан янграётган баёнотларга мнуосабат билдираётган америкалик таҳлилчилар анча жиддий гаплар айтилаётганига қарамай, Қўшма Штатлар Сурияга қарши ҳарбий ҳаракат бошлайди, деган хавотир учун асос йўқлигини қайд этишмоқда.

Вашингтонда жойлашган Стратегик ва Халқаро Тадқиқотлар Маркази таҳлилчиси Энтони Кордсмен АҚШ тактикасидан мақсад Дамашқни Ироқдаги сиёсий ва диний гуруҳларни қўллаб-қувватламасликка ундашдан иборатлигини айтади. Мутахассис, шунингдек, “Суриянинг оммавий қирғин қуроллар устида иш олиб бормаслиги ва “Ҳамас” ҳамда “Ҳизбуллоҳ” каби гуруҳларга мададини тўхтатишга эришиш Оқ Уй мақсадидир”, деб фикр билдиради:

- Агар Сурия иқтисодий ислоҳотларни амалга оширса, АҚШ унинг иқтисодига сармоя ётқизади. Агар Сурия Исроил-Фаластин тинчлик жараёнини ёқласа, АҚШ уни қўллаб-қувватлайди. Агар Сурия замонавий Ироқни барпо этиш ишларида ҳамкорлик қилса, АҚШ буни расман эътироф этади.

Хуллас, вашингтонлик мутахассис фикрича, Оқ Уйнинг асл мақсади Сурияни жаҳон ҳамжамияти учун дўстона давлатга айлантиришдир.

Хўш, Оқ Уйнинг Россияни Эронга қурол сотганликда айблаши ортида қандай сабаблар бор?

Эрон ҳам, Сурия каби Вашингтоннинг “террорчиларга ҳомийлик қиладиган давлатлар” рўйхатига киритилган. Кузатувчилар фикрича, Россия ва Эроннинг ядровий соҳадаги ҳамкорлиги АҚШни ниҳоятда ташвишлантирмоқда.

АҚШ Давлат Департаменти маълумотларига кўра, Москва Теҳронга Тула шаҳридаги ҳарбий заводда ишлаб чиқилган “Краснопол-М” русумидаги лазерли артиллерия снарядларини сотган. Август ойи охирида бундан хабар топгач, Вашингтон заводга нисбатан санкциялар жорий этди. Аммо завод расмийлари Эрон билан савдо-сотиқ олиб борилаётганини инкор этди. Россиялик сиёсатчилар эса Вашингтон қарори ортида сиёсий сабаблар борлигини таъкидлашмоқда.

2000 йилда Россия Эронга қурол-аслаҳа сотмаслик ҳақидаги шартномадан чиққан эди. (Мазкур шартнома 1995 йилда АҚШ Вице-президенти Алберт Гор ва Россия Бош вазири Виктор Черномирдин томонидан имзоланган). Ўша даврда кузатувчилар Эрон, Хитой ва Ҳиндистондан сўнг, Россиянинг ҳарбий соҳадаги учинчи энг йирик шеригига айланишини башорат қилган эдилар. Аммо 2000 йилдан буён Москванинг Теҳронга вертолётлар ва ҳарбий транспорт сотгани ҳақидаги маълумотлардан ташқари, бошқа хабарлар бўлмади.

Вашингтон бир неча марта Москванинг Эрондаги Бушеҳр шаҳрида ядровий заводни қуриш ишларида ҳамкорлик қилаётгани юзасидан хавотир билдирган. Аммо яқинда Россия Эронга ишлатилган ёқилғи пулини тўлаш шартини қўйиб, 1 миллиард долларлик завод қурилишини “музлатиб” қўйди.

Мутахассислар фикрича, агар Вашингтоннинг Россияга қўяётган айблари тўғри бўлиб чиқса, Москвага нисбатан санкциялар жорий этилиши, яъни АҚШ Россияга бераётган ёрдамини тўхтатиши мумкин.

АҚШ Давлат Департаменти эса Россияга нисбатан санкцияларни жорий этиш Қўшма Штатлар миллий манфаатларига зид эканини таъкидлаб, мазкур масала Жорж Буш ва Владимир Путинларнинг Кэмп-Дэвид саммити натижаларига ҳам таъсир қилмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG