Линклар

Ироқ суверенитетини қайта тиклаш - мураккаб жараён. Агар мақсад Ироқни Араб дунёсидаги биринчи демократик давлатга айлантириш бўлса, унда шошқалоқлик қилмаган маъқул. Бу – АҚШнинг Ироқ келажаги хусусидаги позицияси. Бироқ, Германия ва Франция Ироқнинг тўлиқ суверенитетини имкон қадар тезроқ тиклашни ёқлаб чиқмоқда.

Париж расмийлари Ироқнинг муваққат ҳукумати бир ой ичида тузилиши кераклигини айтмоқда. Аммо Вашингтон бу жараён икки йилгача вақт талаб қилиши мумкинлигини маълум қилди.

Пенттагоннинг собиқ юқори лавозимли расмийси ҳозирда Вашингтондаги Стратегик ва Халқаро Тадқиқотлар Маркази мутахассиси Мишел Флорней Ироқ келажаги ҳақида шундай дейди: “Буш Маъмурияти режаси бўйича ироқликлар, хусусан Бошқарув Кенгаши ҳокимиятни топшириш муддатини ўзи белгилаши лозим. Бу даврда муҳим ишлар, яъни, конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш, муваққат ҳукуматни тузиш, ҳокимиятни сайланган ҳукуматга топшириши кўзда тутилган”.

Бироқ, Ироқ суверенлиги қайта тиклангани қанчалар иш беради? Ҳокимият демократик ҳукумат қўлига ўтиши учун ироқликлар нима қилишлари лозим? Бу жараён қанча давом этади?

Британия, Франция ва Германия раҳбарлари Ироқ келажаги хусусидаги келишмовчиликни бир чеккага суриб, шанба куни Берлинда бўладиган учрашувда мазкур саволларга жавоб излашлари турган гап.

АҚШ Давлат Департаментининг Яқин Шарқ масалалари бўйича мутахассиси Дэвид Филлипс ҳозирда нуфузли Ташқи Алоқалар Кенгашида фаолият олиб бормоқда. У Озод Европа – Озодлик радиосига берган интервюсида, Вашингтон расмийлари Ироқни демократик кучларга топшириш истагида эканини айтади: “Бу иш вақт талаб этади. Фикримча, бир йил бу бир қанча оптимистик тахмин. Муҳими мулоҳазали бўлиш, ўйлаб иш қилиш лозим. Айни пайтда, иложи борича тез ҳаракат қилиш керак”.

Флорней ҳамда Филлипс Ироқдаги барча сиёсий жараёнлар халқаро ҳамжамият ва БМТга таянган ҳолда амалга ошиши лозим, деган фикрдалар.

БМТ Бош котиби Кофи Аннан душанба куни Нью Йоркда Ироқ хусусида журналистларга шуларни айтди: “Биз сиёсий жараёнларни тезлатиш, демократик йўл орқали ҳукуматлар сайлаш ва конституция лойиҳасини тузишда ёрдам бериш каби қатор масалалар бўйича бой тажриба орттирганмиз. Биз бу жиҳатдан ёрдам бера оламиз. Аммо Ироққа кириб, мамлакатни бошқармоқчи эмасмиз”, - деди БМТ Бош котиби.

АҚШ Президенти Жорж Буш келаси ҳафта БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида қатнашадиган Германия Канцлери Герхард Шрёдер билан алоҳида учрашади. Кузатувчилар фикрича, Буш Шрёдерни Ироқ суверенлигини қайта тиклаш муддатини узайтиришга кўндиришга ҳаракат қилади. Президент Буш айни масалани, Россия Президенти Владимир Путин билан ҳам муҳокама этади.
XS
SM
MD
LG