Линклар

Порнография, Интернетнинг жиддий муаммоси бўлиб қолмоқда.


Акрам Файзулло

Мусиқа қароқчилигини тўхтата олмаëтган мусиқа ëзувчи ширкатлар олдида янада жиддийроқ бошқа бир муаммо пайдо бўлди. У ҳам бўлса, порнография, аниқроқ айтганда, болалар порнографияси Интернетда кенг тарқалиб бораëтганидир. Қўшма Штатлар мусиқа индустрияси мусиқани текинга тарқатувчи Интернет сайтлари порнографияни ҳам таклиф қилаëтганидан ташвишланмоқда.

“Сони” мусиқа ëзувчи ширкати бошлиғи Андрю Лакнинг айтишича, у мусиқа индустрияси ходими ва ота сифатида порнографик сайтлар болалардан фойдаланаëтганидан хавотирланмоқда. Аммо мутахассисларнинг айтишларича, Интернетдан фойдаланувчи ëшлар орасида порнографияга бўлган қизиқиш ортиб бораëтганига мусиқа индустриясининг ўзи ҳам айбдор. Озод Европа-Озодлик радиосининг Интернет бўйича мутахассиси Ботир Гапаров мусиқа индустрияси мусиқа қароқчиларидан кўраëтган зарарни қоплаш йўлларини қидираëтганини айтади:

“Америкадаги мусиқа ëзиш ширкатлари катта фойда олиш йўлида барча қонуний воситалардан фойдаланадилар. Жумладан улар ўзларининг Интернет саҳифаларида Бритни Спирс каби поп юлдузлари суратларини ўсмир муштарийлар сонини кўпайтириш мақсадида жойлаштирадилар”, - дейди Ботир Гапаров.

Интернетдаги муштарийлар асосан ëшлардир. Шунинг учун, мусиқаларни қароқчилик йўллари орқали олиб, уларни Интернетда текин тарқатувчи сайтлар ëшларга порнографик материаллардан фойдаланишни таклиф этмоқда. Мутахассис Ботир Гапаров бу Интернетнинг жиддий муаммоси бўлиб қолаëтганини гапиради:

“Порнография, у ëш болалар иштирокидаги порнография бўладими ëки катталар қатнашганими бундан қатъи назар, бу Интернетнинг алоҳида муаоммосидир”, - дейди Ботир Гапаров. Унинг айтишича, бундай Интернет сайтлари муштарийларга тўғридан-тўғри порнографияни таклиф қилмайди, балки маълум мусиқалар орқали ўз саҳифасини очишга жалб этади.

“Мисол учун, маълум сайтдан бирон бир мусиқани қидирган муштарий беихтиëр порнографик материалларга дуч келади”, - дейди Ботир Гапаров.

Озод Европа-Озодлик радиосининг мутахассисига кўра, Интернетда рухсатсиз порнография тарқатишга йўл қўймасликнинг чораси, яъни самарали филтр яратиш имконсиздир.

“Порнографияга қарши курашиш жуда қийин. Ҳозир Интерпол ва бошқа шунга ўхшаш ташкилотларда Интернетдаги порнографияга қарши курашувчи махсус бўлимлар бор. Аммо ҳозиргача Интернетда порнографияни буткул чеклаб қўядиган самарали филтр яратилгани йўқ”, - дейди Ботир Гапаров.

Яқинда Қўшма Штатларда ўтказилган тадқиқот ишида “Казаа”, деб номланган сайт Интернетда текин мусиқалар билан бир қаторда болалар порнографиясига оид материаллар ҳам тарқатиши аниқланди.
XS
SM
MD
LG