Линклар

logo-print

Ўзбек журналистлари қайси айби учун қамалмоқда?


Шайбон Норасмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистон қамоқхоналарида айни пайтда 20 дан ортиқ журналист жазо муддатини ўтамоқда.

Бош қароргоҳи Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Журналистларни Ҳимоя қилиш Қўмитаси айни пайтда ҳибсда сақланаётган ўзбекистонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Руслан Шарипов тақдири бўйича ҳисоботини эълон қилди. Унда қўмита Р.Шарипов тақдиридан хавотирда экани баён қилинган.

Ушбу ҳисобот Ўзбекистонда журналистларининг қамоққа олиниши сабабларини ўрганишга туртки берди. Маълум бўлишича, кўпчилик журналистлар таъмагирлик ёки қаллобликда айбланиб ҳибсга олинаётган экан.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев бу ҳолни изоҳлар экан, қамалаётган, калтакланаётган журналистларнинг аксариятини ўз дардини, мавжуд муаммоларни қаламга олганлар ташкил этаётганига урғу беради. Унинг айтишича, бундай журналистлар амалдорлар назарида хавфли шахс ҳисобланади.

Шуниси қизиқки, ҳибсдаги кўпчилик журналистларга аниқ айблар қўйилган. «Озод овоз» сўз эркинлигини ҳимоя қилиш мустақил муассасаси раҳбари Бобомурод Абдуллаев кескин муаммоларни кўтариб чиқадиган қалам аҳли атайин уюштирилган можаролар қурбони бўлмоқда, деган фикрда. Яъни, таъмагирлик айби қўйилиб, қамалган журналистларнинг аксариятига атайдан пора таклиф этилиб, пул тиқиштирилган.

Унинг айтишича, таъмагирлик билан шуғулланаётган журналистлар ҳам бор. Бироқ улар жазога тортилаётгани йўқ.

Ўзбекистон қамоқхоналарида асоссиз айблар бўйича жазо муддатини ўтаётган қалам аҳлининг аксарияти бироз бўлса-да, эркинроқ фикрлаш, мамлакат ичидаги асл вазиятни ёритиш истагида бўлгани учун шундай кунларни бошдан кечирмоқда, дейди маҳаллий журналистлар.

Маҳаллий кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, халқаро ташкилотлар ҳибсдаги журналистлар тақдиридан хавотир билдириб, баёнот ва талабномалар тарқатаётган бўлса-да, уларнинг бирортаси ҳам инобатга олинмаётир.

«Ҳьюман райтс уотч» ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнер баёнот ва талабномалар эътиборсиз қолдирилаётганига қарамай, улар фойдадан холи эмаслигини таъкидлади.

- Агар дунё ҳамжамияти ҳамда маҳаллий ташкилотлар томонидан ҳеч қандай мулоҳаза билдирилмаганида, назаримда, қамалган журналистлар сони янада кўпроқ бўлиши мумкин эди, - дейди у. - Халқаро ташкилотларнинг журналистлар тақдирига бу қадар кучли эътибори Ўзбекистон расмийларини бир иш қилишдан олдин унинг акс-садоси нечоғлик бўлишини ўйлаб кўришга ундайди.

Кузатувчилар жорий йилда журналистларга тазйиқлар ниҳоятда кучайганига эътибор қаратаётир. Улар бунинг сабабини мамлакатда цензуранинг расман бекор қилингани, матбуот устидан ўрнатилган назорат сусайгач, расмийлар бу масалада бироз шошганини англаганида кўрмоқда.

Расмийлар ўз хатоларини тўғрилаш, таъсир кучини намойиш этиш учун тазйиқнинг янги усулларини, яъни қамаш, калтаклаш ва таъқиб қилиш йўлини танлади, демоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG