Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:01

МДҲнинг Ялта саммитида иқтисодий ҳамкорлик муҳокама этилмоқда


Фарангис Саид

Мустақил Давлатлар Ҳамдустлигининг Ялтада бўлиб ўтаётган икки кунлик саммитида асосий эътибор иқтисодий ҳамкорлик масаласига қаратилмоқда.

Пайшанба кунига МДҲ бош вазирлари ва ташқи ишлар вазирлари учрашуви, жумага эса президентлар учрашувини ўтказиш режалаштирилган. Саммитда фақат ҳозирда АҚШ касалхонасида даволанаётган Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев ва Каспий денгизи бўйида дам олаётган Туркманистон президенти Сапармурот Ниёзовлар қатнашмаяптилар.

Хабарларга кўра, учрашув натижасида Россия, Украина, Беларус ва Қозоғистонни бирлаштириши кўзда тутилган ягона иқтисодий макон ҳақидаги ҳужжат имзоланиши кутилмоқда. Ҳужжат лойиҳаси май ойида Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган норасмий йиғинда муҳокама этилган.

Мутахассислар аввалги учрашувлардаги каби, Ялта саммити натижаларининг ҳам амалга оширилиши юзасидан шубҳа билдирмоқдалар. Чунки МДҲ лидерлари илгари ҳам ягона иқтисодий макон барпо этиш ҳақида баёнотлар қилган ва кўплаб шартномалар имзолаганлар. Аммо ҳужжатларнинг бари қоғозда қолиб кетаверган.

Москвадаги МДҲ Институти Директори Муовини Владимир Жарихин Ялта саммити МДҲ раҳбарларига яккама-якка учрашиш имконини беришини айтади:

- Ушбу саммитлар МДҲнинг ўтган учрашувидан буён йиғилиб қолган кўплаб икки томонлама масалаларни муҳокама қилиш учун яхши имкондир. Саммит якунида умумий баёнот қабул қилиниши ёки умумий позиция ишлаб чиқилишига умид қилиш нотўғри. Бу каби учрашувларда муштарак сиёсий баёнотлар қилинмай қўйилганига анча бўлди. Ҳатто Ироқ бўҳрони хусусида ҳеч қандай умумий баёнот берилмади.

Ялтада икки томонлама асосда муҳокама қилиниши кутилаётган масалалардан бири – Азов денгизи мақомидир. Россия ва Украина денгизни ўзаро тақсимлашга келишиб олган бўлсалар-да, чегара қаердан белгиланиши хусусида муросага эришмаганлар. Кузатувчилар фикрича, Украина президенти Леонид Кучма ва Россия президенти Владимир Путин Ялтада ана шу муаммони ҳал этишга ҳаракат қиладилар.

Ягона иқтисодий макон барпо этиш масаласига келсак, москвалик мутахассис Владимир Жарихин бунга қаратилган уринишларни ижобий баҳолайди. Унинг фикрига Лондонда жойлашган УФГ Банкининг бош стратеги Кристофер Гранвил ҳам қўшилади:

- Бу жуда яхши таклиф. Уни амалга оширса бўлади. Божхона бирлиги, умумий бозор доирасида айни тарифлар, капитал ва иш кучининг эркин оқими – бунинг бари фойдалидир. Масаланинг сиёсий жиҳатини оладиган бўлсак, ушбу макон ўзаро келишув ёки ҳукуматлараро тузилма асосида яратилиши мумкин. Давлатлардан устувор бўлган, улар суверенитетининг бир қисмини олиб қўядиган тузилмалар тузишга ҳожат йўқ.

Шундай дер экан лондонлик мутахассис, Ялтада имзоланган ҳеч бир ҳужжат муваффақиятли бўлмайди, деб башорат қилади:

- Саволингиз умуман МДҲ фаолиятига таалуқли бўлса, унда сиз мутлақо ҳақсиз: ҳеч қачон бирон-бир конкрет қадам қўйилмаган. Иқтисодий интеграцияга қаратилган сўнгги ташаббусни оладиган бўлсак, илгарги МДҲ саммитлари қарорларига қараганда, уни амалга оширса бўлади. Менимча, шарҳловчиларнинг аксарияти “ўз кўзимиз билан кўрганимиздагина, бунга ишонамиз”, деган фикримга қўшилсалар керак.

Лондонлик таҳлилчи Кристофер Гранвил ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлган ягона иқтисодий маконнинг барпо этилиши йўлида кўплаб тўсиқлар мавжуд. Масалан, айрим Киев расмийлари Украинанинг Россия, Беларус ва Қозоғистон билан умумий иқтисодий макон барпо этиши масаласи унинг Европа Иттифоқига қўшилиши истиқболини шубҳа остига қўйишини таъкидламоқдалар.

Россияга келсак, прагматизмга асосланган сиёсат олиб бораётган Кремл ягона иқтисодий макон тузиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган тақдирда ҳам, Россия саноати намояндалари МДҲнинг бошқа минтақаларидаги саноат комплекслари билан рақобатлашиш ғоясига қарши чиқишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG