Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:38

«Эрк» фаоллашмоқда


Тўлқин 18 сентябр куни Тошкентда «Эрк» демократик партиясининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Партиянинг бешинчи қурултойига тайёргарлик кўриш пленумда муҳокама этилган асосий масалалардан бири бўлди. Анжуманда «Эрк»нинг барча вилоятлардан таклиф этилган қирқдан ортиқ фаоли иштирок этди.

«Эрк» партиясининг 5-қурултойини 27 сентябр куни Тошкентдаги Темирйўлчилар маданият саройида ўтказиш режалаштирилган. Таъкидлаш жоизки, ушбу тадбир партиянинг сўнгги ўн йилда ўтказиладиган биринчи қурултойи бўлади. Шу боис, уни юксак савияда ўтказишга тайёргарлик кўриш ва «Эрк»нинг қурултойда муҳокама этилиши мўлжалланаётган янги Низоми ва Дастури масалалари пленум кун тартибидан жой олди.

Анжуманда партия бош котиби Отаназар Орипов "ҳозирги мавжуд партиялар орасида «Эрк» маънавий ва ғоявий жиҳатдан энг қудратлисидир," деди. Унинг айтишича, партия ташкилий ва моддий жиҳатдан анча заифлашган эди. Шу боис, ҳозирда айни заиф жиҳатларни бартараф этишга ҳаракат қилинмоқда.

Пленумда «Эрк» қурултойлари орасидаги ўн йиллик танаффус партиянинг фаолиятсизлигини билдирмаслиги таъкидланди. Иштирокчиларнинг айтишича, бу йиллар эркчилар учун синов, шафқатсиз қувғин ва тазйиқлар даври бўлган. Бу даврда партия аъзоларининг қурултой ва йиғинлар ўтказишга бўлган барча ҳаракатлари ҳукумат томонидан бостирилган.

Маълумотларга қараганда, 1993 йилда йилда «Эрк» фаолияти ҳукумат томонидан тақиқлангандан сўнг партияга тегишли мол-мулк мусодара қилинган. «Эрк» фаоли Ойгул Маматованинг айтишича, мусодара қилинган мол-мулкни ўрганиш бўйича партия комиссияси тузилган.

«Эрк» партиясининг пленуми Кўзи ожизлар жамияти маданият саройида ўтказилди. «Озодлик» мухбирига маълум бўлишича, мамлакат расмийлари ушбу тадбирнинг ўтказилишига тўғридан-тўғри қаршилик кўрсатмаган. Бироқ бинони эркчиларга ижарага бергани учун маданият саройи раҳбарига танбеҳ берилгани тўғрисида маълумотлар бор.

Пленумда партия раиси Муҳаммад Солиҳ «Эрк»нинг 5-қурултойига мурожаатнома юборгани маълум қилинди.
XS
SM
MD
LG