Линклар

logo-print

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси прокуратурада сўроқ қилинди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг Самарқанд вилояти бўлими раиси Холиқназар Ғаниев 17 сентябр куни Самарқанд шаҳар прокуратурасига чақиртирилиб, сўроқ қилинди.

Х.Ғаниевнинг айтишича, у аъзо бўлган ташкилот - «Эзгулик» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Инсон ҳуқуқлари ташаббус маркази билан биргаликда Президент, Олий Мажлис ва бир қанча халқаро ташкилотлар номига Мурожаатнома қабул қилган. Ҳужжатда ўқувчи ва ўқитувчиларни таълимга боғлиқ бўлмаган ишларга, хусусан, пахта теримига жалб қилишни тўхтатиш талаб этилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ўзининг сўроқ қилинишига сабаб айни Мурожаатноманинг қабул қилингани ва шу мавзуда ахборот бюллетенлари чоп этилганида эканини айтмоқда.

Холиқназар Ғаниевнинг сўзларига қараганда, шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Шуҳрат Ҳасанов ушбу бюллетенлар мазмунига эътироз билдирган ва ундан тушунтириш хати ёздириб олган.

Х.Ғаниев бу ҳаракатни ташкилотга қилинган тазйиқ сифатида баҳоламоқда.

Ўзбекистонда ҳар йили мактаб ўқувчилари оммавий пахта теримига жалб этилади. Пахта терими қанчалик сермашаққатлигини билган киши бу иш болалар учун янада оғир эканини яхши тушунади. Х.Ғаниевнинг таъкидлашича, бу адолатсизликларнинг олдини олишга қаратилган мақолалар ташкилотнинг одатдаги ахборот бюллетенларида чоп этилиб, вилоят ҳокимлиги ва турли халқаро ташкилотларга етказилган.

«Шундан сўнг, - дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, - вилоят ҳокимлиги матбуот ва ахборот маркази бошлиғи Маҳмуд Эралиев Самарқанд шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, ташкилотнинг ноқонуний ишларини текширишни сўраган».

Х.Ғаниевнинг айтишича, ташкилотга вилоят адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтмаганлик айби қўйилмоқда. «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги ва «Нодавлат, нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунларга кўра, вилоят миқёсида иш кўрадиган ташкилотлар Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтади, вилоят адлия бошқармаларидан рўйхатдан ўтиши шарт эмас, дейди у.

Самарқанд шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Шуҳрат Ҳасанов «Озодлик» мухбири билан суҳбатда ушбу вазият ўрганиб чиқилиб, унга қонуний баҳо берилишини маълум қилди.

Воқеалар шундай ривожланаётган бир пайтда, вилоят ҳокимлиги вакилининг айтишича, ўқувчиларни оммавий пахта теримига сафарбар қилиш ишлари бошлаб юборилган. Улар 3-4 кундан сўнг теримга жўнатилади.
XS
SM
MD
LG