Линклар

logo-print

МАСЛАҲАТГА САЙЛОВЛАР

  • Сарвар Усмон

20 сентябр, якшанба куни Қозоғистонда туман, шаҳар ва вилоятлар вакиллик органлари - Маслаҳатларга сайловлар бўлиб ўтади.

Сайловларда мамлакатдаги бир қатор мухолифатчи партиялар вакиллари ҳам депутатликка номзод сифатида иштирок этмоқдалар. Бироқ, маълумотларга қараганда, ижроия ҳокимият вакиллари сайловолди жараёни давомида уларга тазйиқ ўтказдилар.

Маҳаллий кенгашлар - Маслаҳатларга шанба куни бўлиб ўтадиган сайловлар мамлакатнинг сайловлар тўғрисидаги эски қонунига асосан ўтказилаётган сўнгги сайлов бўлади.

Шу пайтгача Қозоғистонда ўтказилган сайловларни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар нодемократик, деб танқид қилгандилар.

АҚШ даги Шимолий Каролина Университетининг Қозоғистон бўйича эксперти Стив Сабол шанба кунги сайловларни сиёсий мухолифат учун фавқулодда яхши имконият, деган фикрда:

- Агар сайловлар нормал шароитда ўтказиладиган бўлса, у қозоғистонликлар ҳаётини либераллаштириш, фуқаролик эркинликларини таъминлаш йўлида қўйилган сезиларли қадам бўлган бўлур эди, - дейди Стив Сабол.

Сайловларда мухолифатчи партияларнинг иштирок этишига имкон яратилганини, америкалик мутахассис, аввалги сайловларда йўл қўйилган камчиликлар учун билдирилган танқидларга Қозоғистон ҳокимиятининг жавоби бўлиши мумкин, деган фикрни билдиради.

Маслаҳатлар депутатлигига шанба куни бўлиб ўтадиган сайловларда 7 минг нафардан зиёд номзод қатнашади.

Умуман, туман, шаҳар, вилоятлар Маслаҳатларига бўладиган сайловларга республикада қизиқиш катта. Сайловларга қатнашишга қарор қилган партиялар рўйхати ҳам анча каттадир. Рўйхатдан Қозоғистон Коммунистик партияси, Республика Халқ партияси, Қозоғистон Фуқаролари партияси каби партиялар ўрин олган. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Хўш, маслаҳатларга сайловлар нима учун бу қадар қизиқиш уйғотмоқда? Бу саволга сайловолди кампанияси бошланган кунларда "Ақ жол" партияси лидери Алихан Байменов:

- Сайловлар тўғрисидаги янги қонунга кўра сайлов комиссияларини тузиш ҳуқуқи маслаҳатларга берилади, - деб жавоб берган эди.

Қозоғистонда вилоятлар ҳокимлари мамлакат президенти томонидан тайинланади. Бироқ, шундай бўлса-да, Mаслаҳатларнинг ҳам ижроия ҳокимият фаолиятига таъсир ўтказиш механизмлари бор. Масалан, маҳаллий бюжжетни шакллантириш Маслаҳатнинг ваколатлари доирасида, бундан ташқари вилоятлар Маслаҳатлари мамлакат парламентининг юқори палатаси Сенат депутатларини сайлайдилар.

Сайловолди кампанияси бошланиши биланоқ, Маслаҳатлар депутатлигига ўз номзодларини кўрсатган мухолифатчи партиялар вакилларига ижроия ҳокимият вакиллари босим қила бошлагандилар. Масалан, "Ақ жол" партияси лидери Алихан Байменов кампания бошланган кунларда Озодлик мухбирига шундай деган эди:

- Жойларда биз ўта қаттиқ босимга учраяпмиз. Масалан, Павлодар вилоятидаги бир туман ҳокими "Мен ҳоким эканман, бизнинг туманда "Ақ жол" партиясидан битта ҳам номзод Mаслаҳатга депутат бўлмайди, деган эди”.

Олинган маълумотлардан мухолифатчи партиялар ва мустақил номзодларга нисбатан тазйиқлар сайловолди кампанияси жараёнида давом этганлиги кўриниб турибди. Мана бир-икки мисол.

Маржан Асфандиярова "Тоза қўллар" ҳаракати аъзоси. У Олмаота шаҳар Маслаҳати депутатлигига номзод. У сайловолди жараёнида ўзи ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилгани бироқ, бу ҳақдаги шикоятларини қатор идоралар эътиборсиз қолдиргани тўғрисида мана бундай дейди:

- Мен ҳақимда, менинг сиёсий қарашларим тўғрисида ёлғон маълумотлар тарқатдилар. Бу бўҳтонларни тарқатганлар топилмади. Менинг округ сайлов комиссиясига, Марказий сайлов комиссиясига, Бош прокурорга, Миллий Хавфсизлик қўмитасига берган аризаларимнинг биронтасига ҳам жавоб олмадим.

Доктарбай Нуржанов Қозоғистоннинг ғарбидаги Ақтау вилоят Маслаҳати депутатлигига мустақил номзоддир. Озодлик радиоси мухбирига берган интервюсида ундан руҳий касалликлар шифохонасидан маълумотнома олиб келишларини талаб қилганлар. У мажбур бўлган шундай маълумотномани олиш учун касалхонага боришга.

- Руҳий касалликлар шифохонасига боришга мажбур бўлдим. Уч кун давомида мени қайта- қайта текширишди, - дейди Маслаҳат депутатлигига номзод.

Хўш, сайловлар демократик меъёрларга риоя қилинган ҳолда ўтадими?

Америкалик мутахассис Стив Сабол Озодлик мухбирининг бу саволига жавоб берар экан, "ҳа" деган жавоб бериши қийин эканлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG