Линклар

logo-print

Америкада наркотиклар контрабандаси билан шуғулланган 11 кишига қарши жиноий иш қўзғатилди.


Акрам Файзулло Куни кеча Қўшма Штатлар маъмурлари наркотиклар контрабандаси ва пул ювиш, яъни ғайри қонуний йўллар билан топилган маблағни қонунийлаштиришга ҳаракат қилиш билан шуғулланувчи гуруҳнинг 11 аъзосига қарши жиноий иш қўзғатилганини маълум қилдилар.

АҚШ маҳкамаси ҳужжатларида қайд этилишича, икки йил давомида олиб борилган текширув натижасида ушбу гуруҳнинг Афғонистон, Покистон, Таиланд, Канада ва Қўшма Штатларда аъзолари борлиги аниқланган.

Бангкокдаги заргарлик дўконида ишлаган бир неча афғонистонлик ҳам наркотиклар контрабандасини молия билан таъминлаганликда айбланиб ҳибсга олинди.

Жиноий иш қўзғатилган шахслардан икки нафари Покистондаги этник паштунларнинг бадавлат Африди клани аъзоларидир. Узоқ даврдан бери наркотиклар контрабандаси билан шуғулланаëтган Африди гуруҳи ва уларнинг шериклари Афғонистон ва Покистон ўртасидаги асосий божхоналарни ва чегара постларига маъсул маҳаллий бошқармаларни назорат қиладилар.

Озод Европа-Озодлик радиоси Жануби-Ғарбий Осиë минтақаси бўйича мутахассиси Билл Сами Покистон ҳукумати Африди каби наркотиклар билан савдо қилувчи гуруҳлар фаолиятини тўхтатишга қодир эмаслигини айтади:

“Африди катта кландир. Афғонистоннинг жанубий ва шарқий вилоятларида ва Покистоннинг шимолий ҳудудларида кланлар таъсири жуда кучлидир. Покистон ҳукумати кланлар бор бўлган бундай ҳудудларда маҳаллий раҳбарларнинг руҳсатисиз бирон бир ишни амалга оширишга қонуний ҳақи йўқ. Ушбу ҳудудларда кланлар буйруғи қонундир”, - дейди Билл Сами. Мутахассис айтишича, Афғонистондан Покистон орқали Европага жўнатилган наркотиклар энди Америкагача етиб бормоқда.

“Бу Афғонистон наркотиклар савдосининг бир қисми эканига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. БМТ қошидаги Гиëҳвандчиликни назорат қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича агентлик маълумотига кўра, жорий йилда Афғонистонда 3 миллион 400 минг килограмм кўкнор етиштирилади. Бошқа ҳеч бир мамлакатда бунча кўп кўкнор ишлаб чиқарилмайди. Қизиғи шундаки, ҳозиргача Афғонистонда етиштирилган кўкнорнинг аксарият қисми Европага жўнатилаëтган эди. Энди эса ушбу йўналиш ўзгариб, наркотиклар Жануби-Шарқий Осиë минтақаси орқали Қўшма Штатларга ҳам жўнатилмоқда”, - дейди Билл Сами.

Озод Европа-Озодлик радиоси мутахассиси фикрича, Покистондаги Африди клани аъзолари Қўшма Штатларда наркотиклар кантрабандаси билан шуғуллангани халқаро гиëҳванд моддалар савдоси доирасида жиддий ўзгаришлар бўлаëтганидан дарак бермоқда.

“Ҳозиргача Қўшма Штатларда истеъмол қилинган героин ва опиумнинг аксарият қисми Лотин Америкаси ëки Жануби- Шарқий Осиë минтақасидан жўнатилаëтган эди. Ҳозир биз Жануби-Ғарбий Осиë минтақасидан Америкага янада кўпроқ наркотик жўнатилаëтганига гувоҳ бўлаяпмиз”, - дейди Билл Сами.

Қўшма Штатлар мутасаддилари айтишларича, наркотиклар контрабандаси билан шуғулланганликда айбланаëтган 11 шахснинг террорист гуруҳлар билан алоқаси борлиги исботланмаган. Бу шахслардан 9 нафари, жумладан Африди клани аъзолари АҚШ расмийлари иҳтиëрида, қолганлари эса Канада ва Таиланддан Америкага экстрадиция қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG