Линклар

Британия, Франция ва Германия раҳбарлари Ироқ суверенитетини ироқликларга қайтариш хусусила келишувга эриша олмадилар.

  • Ҳасанжон

Британия, Франция ва Германия раҳбарларининг Берлинда ўтган саммитида ҳокимиятни ироқликларга топшириш муддати хусусида келишувга эришилмади. Музокаралардан сўнг, Франция Президенти Жак Ширак Ироқ суверенитети йиллар давомида эмас, балки ойлар ичида ироқликларга топширилиши кераклиги ҳақида ўз мамлакати тутган позицияни яна бир бор такрорлади: “Бизнингча, суверенитетни топшириш имкон қадар қисқа фурсатда амалга ошиши лозим. Буни ойлар ичида амалга ошириш мумкин. Менимча, биз асосий масалаларда турлича кўзқарашда эмасмиз. Бироқ, ҳокимиятни топшириш ва унинг муддати борасида ўзаро келиша олмаяпмиз”, - деди Франция Президенти Жак Ширак.

Британия Бош вазири Тони Блэр, Ироқ тезроқ демократик жамиятга айланиши кераклиги ҳамда бу жараёнда БМТ муҳим рол ўйнаши лозимлиги борасида уч давлат раҳбарлари позицияси бир хил эканинини таъкидлади: “Қандай келишмовчиликлар бўлишидан қатъий назар, барчамиз Ироқ барқарор ва демократик давлат бўлишини, бу жараён имкон қадар тез кечишини хоҳлашимиз, такрор ва такрор айтилди. БМТда бораётган муҳокамалар - бу борада БМТ муҳим рол ўйнаши кераклигини яна бир бор тасдиқлайди”, - деди Британия Бош вазири Тони Блэр.

Британия, Франция ва Германия раҳбарларининг Берлин учрашувида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ироқ хусусидаги янги резолюцияси лойиҳаси ҳам муҳокама этилди.

АҚШ таклиф этган резолюция лойиҳасида, Ироқ учун халқаро тинчликни сақловчи кучлар ташкил этиш ҳамда мамлакатни қайта қуришда халқаро ҳамжамият ролини ошириш кўзда тутилган. АҚШ ҳавфсизликни таъминлаш ва Ироқни қайта қуриш ҳаражатларининг бир қисмини халқаро ҳамжамият зиммасига юклаш учун мазкур резолюция лойиҳасини олдинга сурмоқда.

Берлин саммитига мезбонлик қилган Германия Канцлери Герхард Шрёдер, резолюция хусусида яна муҳокамалар бўлиши кераклигини билдирди. Ширак ва Шрёдер, мазкур резолюция лойиҳаси ҳокимиятни тезда ироқликларга топширишни кўзда тутмаганини урғуладилар.

АҚШ мамлакат тайёр бўлмасдан туриб ҳокимиятни ироқликларга топшириш хатолик бўлишини таъкидламоқда.

Берлин саммитида Ироқдаги хавфсизлик вазияти беқарор экани таъкидланди. 20 сентябр куни Ироқ Бошқарув Кенгаши аъзоси Оқила ал-Ҳошимийга Бағдод ташқарисидаги уйи олдида қуролли ҳужум уюштирилди. Маълумотларга кўра, ал-Ҳошимий ошқозони, елкаси ва оёғидан яраланган. У АҚШ томонидан тайинланган 25 аъзодан иборат Ироқ Бошқарув Кенгашидаги уч аёлнинг бири эди. Айни пайтда, Ал-Ҳошимий Саддам Ҳусайн ҳукуматида хизмат қилган Ироқ Бошқарув Кенгашининг ягона аъзоси эди.

Мазкур ҳужум кимлар томонидан амалга оширилгани номаълум. Ироқ Бошқарув Кенгаши президенти Аҳмад Чалаби, ҳужумни Баасчилар режими қолдиқлари ва Саддамнинг ёлланма қотиллари амалга оширганини айтди.

Ироқнинг америкалик бошқарувчиси Пол Бремер ал-Ҳошимийга қарши уюштирилган ҳужумдан даҳшатга тушганини айтди.

Якшанба куни тарқатилган хабарларда, иккинчи бор ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг ал-Хошимийнинг ҳолати оғир аммо барқарор экани билдирилган.

Ал-Ҳошимийга қарши уюштирилган ҳужум, Ироқда таниқли арбоб ҳаётига қарши уюштирилган иккинчи суиқасддир. Ўтган ойда автомобилга ўрнатилган кучли бомба портлаши натижасида шиа мазҳабидаги мусулмонлар лидери нобуд бўлган эди.
XS
SM
MD
LG