Линклар

Афғонистон: Хюман Райтс Уотч АҚШни дала қўмондонларини қўллаб-қувватламасликка чақирди


Фарангис Саид Афғонистондаги хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларига оид вазият кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотларни ташвишга солмоқда. Бундай ташкилотлардан бири Хюман Райтс Уотч бўлиб, сўнгги 9 ой давомида у Афғонистонда инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ҳоллари хусусида кўплаб баёнотлар тарқатган ва қатор ҳисоботлар эълон қилган. ташкилотнинг 23 сентябр куни чиқарилган мурожаатномасига эса АҚШ Президенти Жорж Буш ва Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай ўртасида бўлиб ўтиши режалаштирилган учрашув сабаб бўлди.

Буни Хюман Райтс Уотч ташкилотининг Лондондаги қароргоҳи Матбуот ва Ахборот бўлими ходимаси Урми Шоҳ шундай таърифлайди:

- Хюман Райтс Уотч Афғонистон, хусусан пойтахт Кобулдаги хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларига оид вазиятдан хавотир билдириб келмоқда. Ўтиш даври ҳукумати фақат Кобулни назорат қилади. Пойтахт ташқарисида эса назорат дала қўмондонлари томонидан амалга оширилади.

Хюман Райтс Уотчнинг сешанба кунги мурожаатномасида АҚШ ҳукумати дала қўмондонларини қўллаб-қувватлаётгани, бу эса вазиятнинг ёмонлашишига олиб келаётгани билдирилади:

- АҚШ раҳбарияти, бир тарафдан, Карзай ҳукуматини қўллаб-қувватласа, бошқа тарафдан, дала қўмондонларига молия ва қурол-аслаҳа билан ёрдам беришда давом этмоқда. Дала қўомондонлари эса оддий афғонистонликлар ҳуқуқларини поймол қилаётирлар.

Шундай дер экан ташкилот ходимаси Урми Шоҳ, ушбу қўмондонлар номларини санаб ўтади:

- Аксарият дала қўмондонлари фаолияти ташвишга сабаб бўляпти. Айниқса Ҳирот ҳокими Исмоил Хон ва Мозори-Шариф ҳокими генерал Абдурашид Дўстум инсон ҳуқуқларини энг кўп топтаётган қўмондонлардир.

Хюман Райтс Уотч Буш маъмуриятини ушбу дала қўмондонларини қўллаб-қувватламасликка даъват этиб, АҚШ ҳукумати Афғонистонда жойлаштирилган тинчлик сақловчи халқаро қўшинларга ёрдамлашиши кераклигини таъкидлайди.

Шу йил феврал ойида АҚШ Сенатида қилган чиқишида Ҳамид Карзай, тинчлик сақловчи қўшинларга кўмак керак эмаслигини таъкидлаб, АҚШ ва халқаро ҳамжамиятнинг бошқа аъзолари Афғонистон миллий армиясини тузиш ишларига кўпроқ ёрдам беришлари лозимлигини айтган эди. Хюман Райтс Уотч ташкилоти Афғонистондаги вазият ёмонлашган сари, тинчлик сақловчи қўшинлар роли тобора ошаётганини қайд этиб, эндиликда уларни кўпроқ қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлайди. Урми Шоҳнинг айтишича, халқаро қўшинлар ваколати кенгайтирилиб, улар пойтахт Кобулдан ташқари Афғонистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам жойлаштирилиши лозим. Бу дала қўмондонлари таъсири ва зўравонликларини камайтириб, барқарорликни таъминлаш имконини беради, деб ҳисобламоқда Хюман Райтс Уотч ташкилоти. “Халқаро қўшинларни қўллаб-қувватлашда, биринчи навбатда, АҚШ катта рол ўйнаши лозим”, - деб таъкидлайди Урми Шоҳ:

- Халқаро ҳамжамият Афғонистон масаласида ҳамкорлик қилмоқда. Аммо айнан Қўшма Штатлар сиёсий ирода намойиш қилиб, тинчлик сақловчи халқаро қўшинларни қўллаб-қувватлаб, уларга қўшимча маблағ ажратиши ва бу орқали пойтахтдан ташқари бошқа ҳудудларни ҳам назорат қилиш имконини яратиши лозим. Шу кунгача эса на АҚШ, на Европа давлатлари бундай иштиёқ намойиш қилдилар.

Афғонистонда ҳозирда ҳукм сураётган вазият хусусида Хюман Райтс Уотч ташкилоти ходимаси мана бундай деди:

- Афғонистонда инсон ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилмода. Аёллар, қиз ва ўғил болаларга нисбатан жинсий тажовуз, зўравонлик, тазйиқ-таъқиб ҳоллари жуда кўп учрайди. Оддий афғонистонликлар эса қароқчилик қурбони бўлишяпти.

Урми Шоҳ фикрича, бундай вазиятда аксарият афғонистонликлар учун яшаш ҳам, мамлакатни қайта тиклашда иштирок этиш ҳам жуда қийин.
XS
SM
MD
LG