Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:08

НАТОнинг янги Бош Котиби олдидаги янги вазифалар


Фарангис Саид

Яап де Оп Схеффер 2004 йил 1 январ куни, яъни ҳозирги Бош Котиб Жорж Робертсоннинг бу лавозимдаги тўрт йиллик муддати тугаганидан сўнг, НАТО ташкилотига раҳбарлик қила бошлайди. Кузатувчилар фикрича, Яап де Оп Схеффер ташкилотнинг 54 йиллик тарихида муҳим рол ўйнаши мумкин. Буни ҳозирги кунда ташкилот олдида турган муаммолар тақозо этади. Сўнгги пайтларда ташкилотга аъзо давлатлар орасида Ироқ масаласи бўйича позициялардаги фарқлар жуда чуқурлашиб кетди. Яап де Оп Схеффер бу зиддиятларга барҳам бериб, ташкилотни олға олиб бориши лозим. Унинг олдида турган энг асосий вазифа – Вашингтон ва Европа давлатлари орасида Ироқ масаласи туфайли юзага келган зиддиятларни тугатишдир.

Британиядаги “Ройял Юнайтед Сервисез” тадқиқотлар институтининг етакчи таҳлилчиси Марк Жойс бу ҳақда мана бундай дейди:

- Жаноб де Оп Схеффер маълум маънода жиддий муаммога юз тутаётган ташкилот устидан раҳбарликни ўз қулига олмоқда. Атлантика океанининг икки тарафида ҳам ташкилотнинг стратегик аҳамияти ва америкаликларнинг ташкилотдаги иштироки бўйича қарашлари ўзгаргани ёки ўзгармагани хусусида саволлар мавжуд.

Шундай дер экан британиялик мутахассис, Яап де Оп Схеффер бир тарафдан АҚШ, бошқа тарафдан Европа, хусусан Франция ва Германия ўртасидаги зиддиятга чек қўйиши кераклигини айтади.

Яап де Оп Схеффернинг ўзи ҳам ўз вазифасини Европа ва АҚШ ўртасида “кўприк” ўрнатишдан иборат, деб билади. У Ироқ уруши даврида АҚШни қўллаб-қувватлади. Айни вақтда унинг мамлакати – Нидерландия урушга қўшилмади.

Шу билан бирга Схеффер Испания, Италия ва кўпгина Шарқий Европа давлатлари урушни қўллаб-қувватлаб, имзолаган мактубга қўшилмади.

Унинг ҳам Париж, ҳам Берлин расмийлари билан алоқалари яхши. Айни вақтда Оқ Уй ҳам уни қадрли меҳмондек қабул қилади.

- Унинг НАТО бўйича жиддий позицияга эгалиги, ўз фикрини илгари билдириб келгани жуда муҳим. У ташкилот фаолиятининг маркази Шарққа оғиши тарафдоридир. Де Оп Схеффер, шунингдек, НАТОнинг унга аъзо бўлмаган мамлакатларда фаолият юритиши тарафдори. Бу эса Вашингтон хоҳиши билан ҳамоҳанг, - дейди британиялик таҳлилчи Марк Жойс.

Бу фикрга қўшилар экан, Хаагада жойлашган Клингендел Халқаро Хавфсизлик Институти етакчи таҳлилчиси Франс Осинга Схеффер АҚШ ва Европа, НАТО ва Европа Иттифоқини икки рақиб эмас, балки икки шерик сифатида кўриши лозим, деган ғояни илгари суради:

- Уларни рақиблар эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи томонлар сифатида кўриш керак. Яап де Оп Схеффер маданий жиҳатдан ҳам, хавфсизлик ва сиёсий манфаатлар нуқтаи назаридан ҳам Европа ва Қўшма Штатлар орасида умумийлик, бирлик борлигига эътибор қаратишга ҳаракат қилади.

Яап де Оп Схеффер НАТО Бош Котиби этиб тайинланган учинчи нидерландияликдир. Лейден Университетини тугатган Схеффер 70-йилларда Нидерландиянинг ҳарбий ҳаво кучларида хизмат қилган, сўнг дипломатия ва сиёсат соҳасида ишлаган. 1986 йилда у Христиан Демократлар Партиясидан Голландия парламентига депутат этиб сайланган. 1997-2001 йилларда эса айни партияга раислик қилган.

Ўтган йили у Нидерландия Ташқи Ишлар Вазири этиб тайинланган. Яап де Оп Схеффер Нидерландия Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига раислик қилган пайтда ташкилотнинг идорадаги раиси сифатида Марказий Осиё республикалари, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам ташриф буюрган. Ўзбекистон расмийлари билан учрашуви чоғида Яап де Оп Схеффер ўлим жазосига мораторий эълон қилишга даъват этган ва президент Ислом Каримов билан қийноқлар масаласини муҳокама қилган эди.
XS
SM
MD
LG