Линклар

БМТ Бош Ассамблеясида ОИТС касаллигига қарши кураш масалалари муҳокама этилди.


Акрам Файзулло

Душанба куни БМТ Бош Ассамблеясининг маҳсус йиғилишида Орттирилган Иммун Тақчиллиги Синдроми, ОИТС касаллигига қарши курашни кучайтириш масалалари муҳокама этилди. Учрашувда қатнашган кўплаб давлат бошлиқлари ва ҳукумат расмийлари ОИТС билан боғлиқ ҳозирги вазият ҳақидаги БМТнинг янги ҳисоботи билан танишдилар. Йиғилиш иштирокчилари айрим давлатлар ОИТС ва шу касалликка олиб келадиган иммун тақчиллиги вирусига қарши ишларга кам маблағ ажратаëтганларидан ташвишланиш билдирдилар.

Йиғилишга раислик қилган Жулиан Ханте ОИТС фақат соғлиқни сақлаш соҳасига оид муаммо эмаслиги, ҳамда бу касалликни бартараф этиш учун камбағаллик муаммосини ҳал этиш ва одамлар турмуш даражасини кўтариш лозимлигини урғулади.

“Биз иммун тақчиллиги вируси билан туғилаëтган гўдаклар ва ОИТСга чалинган етим болалар сонини камайтириш учун жиддий чора-тадбирлар кўришимиз керак. Фақат 2002 йилнинг ўзида жаҳон бўйлаб тахминан 5 миллион одам иммун тақчиллиги вирусини орттиргани аниқланди”, - деди Жулиан Ханте. У қўшимча қилиб, иммун тақчиллиги вируси ва ОИТСни юқтирган одамлар камситилишига йўл қўймаслик кераклигини айтди. Жулиан Ханте шунингдек, ОИТСга қарши кураш ишларини олиб бориш учун йилига 10 миллиард 500 миллион доллар етмаëтганини маълум қилди.

Айрим давлатлар расмийлари “2003 йилда халқаро терроризмга қарши кураш учун 200 миллиард доллардан кўп маблағ топилган бир пайтда, нима учун ОИТС касаллигига қарши кураш учун етарли маблағ ажратилмаяпти”, дея шикоят қилишди.

БМТ Бош Ассамблеясининг ОИТС муаммосига бағишланган йиғилишида чиқиш қилган АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл бунга жавобан, Қўшма Штатлар жаҳон бўйлаб иммун тақчиллиги вируси, ОИТС касаллиги тарқалишининг олдини олиш ишлари учун 1 миллиард 600 миллион доллар маблағ ажратганини эслатиб ўтди. У халқаро ҳамжамият ОИТС касаллигига нисбатан ҳали ҳам эътиборсизлик билан қараëтганини танқид қилди.

“Бошқа ҳар қандай иллат каби, ОИТС ҳам эътиборсизлик ва қўрқувдан келиб чиқади. Қачонки одамлар касаликлардан қандай сақланишни билмас эканлар ва касалликка чалинганлар яккаланиб қолар эканлар, вирус янада кенг тарқалади ва умидсизлик пайдо бўлади”, - деди Колин Пауэлл.

ОИТС муаммоларига оид БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида тақдим этилган ҳисоботда Шарқий Европа ва Марказий Осиë мамлакатларида айниқса, гиëҳвандлар орасида ОИТС касаллиги кенг тарқалиб бораëтганидан жиддий хавотирланиш билдирилади.

БМТ Бош Ассамблеяси учрашувида қатнашган Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазири Қосимжўмарт Тўқаев Қозоғистонда ОИТС касаллиги тарқалишининг олдини олиш борасида айрим ижобий натижаларга эришилганини айтди. Аммо унга кўра, маблағ тақчиллиги бу касаликка қарши самарали курашиш йўлида асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда.

“Қозоғистонда 2010 йилгача мўлжалланган стратегик ривожланиш режаси иммун тақчиллиги вируси ва ОИТС касаллигининг олдини олиш чора-тадбирларини ўз ичига олади. Ҳукумат бошқармалари бу масалага тегишли маблағ ажратиш учун стратегик дастурлар ишлаб чиққан”, - деди Қосимжўмарт Тўқаев.

БМТ Болалар Жамғармаси ЮНИСЕФ ижроия директори Кэрол Беллами БМТ Бош Ассамблеясини гўдаклар ва ëшлар орасида иммун тақчиллиги вируси ва ОИТС касаллигига қарши кураш ҳаракатларига жиддийроқ эътибор беришга чақирди. Унинг айтишича, ҳар куни жаҳон бўйлаб ëши 15 ва 24 ўртасида бўлган 6 минг ëш иммун тақчиллиги вирусини орттирмоқда. ЮНИСЕФ раҳбари маълум қилишича, ҳозиргача 28 миллион одам ОИТСдан нобуд бўлган ва яна 42 миллион одам шу касалик билан яшамоқда.
XS
SM
MD
LG