Линклар

«Бирлик» қонуний рўйхатдан ўтмоқчи


Тўлқин 22 сентябр куни «Бирлик халқ ҳаракати» партияси вакиллари партияни рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига расман мурожаат қилди.

Ўзбекистонда 1991 йилдан буён мухолифатдаги бирорта партия рўйхатга олинмаган. Охирги марта рўйхатдан ўтган мухолиф партия «Эрк» демократик партияси бўлган эди. Шу боис, 12 йиллик танаффусдан кейин амалдаги ҳукуматга мухолифатда бўлган яна бир партиянинг Адлия вазирлигига ўзининг рўйхатдан ўтказилишини сўраб мурожаат қилиши мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим воқеа ҳисобланади.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, партия рўйхатдан ўтказилиши учун унинг Низоми ва Дастури, камида 5000 нафар аъзоси бўлиши керак. «Бирлик халқ ҳаракати» партияси бош котиби Васила Иноятованинг сўзларига қараганда, партия ушбу талабларнинг барчасига жавоб беради. Айни пайтда унинг олти мингга яқин аъзоси бор.

Бош котибнинг айтишича, партия аъзолари орасида ўқитувчилар, шифокорлар, ишчилар, тадбиркорлар, талабалар, ҳаттоки, солиқ органлари ходимлари ҳам бор.

«Озодлик» мухбирига маълум бўлишича, партияни рўйхатга олиш учун ҳужжат топширилаётганда, бунга ҳукумат томонидан тўсқинлик қилинмаган.

Бироқ, Васила Иноятованинг айтишича, партия Низоми, Дастури ҳамда раҳбар органи ҳақидаги маълумотни Тошкент шаҳридаги нотариал идораларда тасдиқлатиш ниҳоятда қийин кечган. Еттита нотариал идора ҳужжатларимизни тасдиқлашдан бош тортди, дейди В. Иноятова.

Хўш, Ўзбекистондаги ҳозирги сиёсий шароитда ҳукумат ўзига мухолифатда бўлган партиянинг қонуний рўйхатдан ўтказилишига рухсат берадими?
Бирликчиларнинг эътироф этишича, Ўзбекистондаги бугунги вазият ва воқеълик партиянинг рўйхатга олинишини тақозо этади. Қолаверса, ҳужжатлар сиёсий партияларни рўйхатга олиш тартиб-қоидаларига тўла мувофиқ равишда Адлия вазирлигига тақдим этилган, дейди улар.

Адлия вазирлиги жамоат ташкилотларини рўйхатга олиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эркин Абдуллаев «Бирлик халқ ҳаракати» партиясининг рўйхатга олиниш-олинмаслиги бир ойдан кейин маълум бўлишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG