Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:59

Муҳаммад Бекжон – Андрей Сахаров номидаги мукофотга номзод


19 август куни мустақил манбалар Европа парламенти марказий осиёлик тўрт нафар сиёсий маҳбусни ўз мамлакатида демократия ўрнатилиши, сўз эркинлиги ва қонун устиворлиги таъминланиши йўлидаги ҳаракатларда эришган муваффақиятлари учун 2003 йилги Андрей Сахаров номидаги мукофотга номзод сифатида кўрсатганини эълон қилди.

Марказий осиёлик номзодлар орасида ўзбекистонлик Муҳаммад Бекжоновдан ташқари туркманистонлик Ботир Бердиев, қирғизистондан Феликс Кулов ва қозоғистонлик Галимжон Жакиянов бор.

Маълумот:

Россиялик машҳур олим, Нобел мукофоти соҳиби Андрей Сахаров номидаги мукофот 1988 йилда Европа парламенти томонидан таъсис этилган. Мукофот, асосан, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги ҳимоясида, шунингдек, зулм ва адолатсизликка қарши курашда муваффақиятларга эришган шахслар ёки ташкилотларга берилади. Мукофот ҳар йили 10 декабрда - Инсон ҳуқуқлари жаҳон декларацияси қабул қилинган санада (1948 йил) топширилади. Айни пайтда мукофот қиймати 50 минг еврони ташкил этади.

Мукофотга даъвогарлар орасида БМТнинг Бағдоддаги ваколатхонасида юз берган портлашда ҳалок бўлган ушбу ташкилот аъзолари ҳам бор. Уларнинг номзоди БМТ Бош котиби Кофи Аннан томонидан тавсия этилган.

Сахаров номидаги мукофотга номзод ўзбекистонлик Муҳаммад Бекжонов (Муҳаммад Бекжон) 1999 йилнинг март ойида 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. У журналист, мухолифатдаги «Эрк» партияси аъзосидир.

Мустақил кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати «Эрк» партияси етакчиси, Президентликка собиқ номзод Муҳаммад Солиҳдан ўч олиш мақсадида, унинг укаси М.Бекжоновни қамоққа тиққан. Айни пайтда Солиҳнинг бошқа укаси Рашид Бекжон ҳам қамоқда. Унинг яна бир укаси Комил Бекжон эса яқинда озодликка чиққан.

Муҳаммад Бекжон «Эрк» ташкил этилишида иштирок этган ва партия нашрларида фаолият юритган. 1993 йилдан унга нисбатан жиддий тазйиқлар бошланган. Шундан сўнг у оиласи билан бирга Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

Шундан сўнг у «Эрк» газетасининг Киевда жойлашган таҳририятида иш олиб боради. 1999 йилнинг март ойида таҳририятда тинтув ўтказилиб, бу ерда фаолият юритаётган мухолифат вакилларидан олти нафари қамоққа олинади ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига топширилади.

Айни пайтда Муҳаммад Бекжон Когондаги касал маҳбуслар сақланадиган қамоқхонада жазо муддатини ўтамоқда. «Эрк» партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, М.Бекжоннинг соғлиғи жуда ёмонлашган. У сил касалига чалинган, дейди бош котиб.

Маълумотларга қараганда, тергов жараёнида ҳам, қамоқхонада ҳам Муҳаммад Бекжон ва унинг ҳамроҳлари қаттиқ қийноқларга дучор этилган. Айни пайтда ушбу азоблар туфайли М.Бекжоннинг бир қулоғи эшитмайди, бир оёғи эса синиб, ногирон бўлиб қолган.

Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, Муҳаммад Бекжоннинг Европа парламенти томонидан нуфузли мукофотга номзод сифатида кўрсатилишида унинг Ўзбекистонда қийноқлар ва бунинг оқибатлари хусусида халқаро ҳамжамиятни биринчилардан бўлиб бохабар этгани муҳим роль ўйнаган.
XS
SM
MD
LG