Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:24

ЎЗБЕКИСТОН ҚОЗОҒИСТОННИНГ ИЧКИ ИШЛАРИГА АРАЛАШДИМИ?


23 сентябр куни Қозоғистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазирлиги оммавий ахборот воситалари учун бир махсус баёнот эълон қилди. Ҳужжатдан маълум бўлишича, у Ўзбекистон Республикаси Қозоғистондаги элчихонасининг 22 сентябр кунги баёнотига жавобдир.

"Центразия" сайти 24 сентябр куни Ўзбекистон элчихонасининг ўша баёноти матнини босди. Унда жумладан, мана бундай дейилади:

- Кейинги пайтларда Қозоғистондаги оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикаси билан муносабатлари аҳволини нообъектив, боз устига, қора бўёқларда кўрсатувчи материаллар тез-тез пайдо бўлмоқда.

Ҳужжат давомида 3 сентябрдан 4 инчига ўтар кечаси Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасининг Бағис қишлоғи яқинидаги участкасида юз берган инцидент тилга олинади. Ўзбекистон томонининг таъкидлашича, инцидентнинг юз беришига қозоғистонлик фуқаролар сабабчи бўлган, ўзбек чегарачилари эса, ўз соғлиқлари ва ҳаётини сақлаш мақсадида ўт очишга мажбур бўлганлар. Натижада, қозоғистонликлардан бири яраланган, уларнинг бир оти ўлган.

Баёноти давомида Ўзбекистон элчихонаси Қозоғистон томонига 4 сентябрдагидай инцидент юз бериб қолган тақдирда ўзини қандай тутиши кераклигини уқдиради:

- Баъзида масъулиятсизлик, гоҳида эса одобсизларча қилинган баёнотлар ноаниқ информация билан омихта бўлиб, айниқса бундай информация расмийлар ва оммавий ахборот воситаларидан чиқса, нафақат ўзбек-қозоқ муносабатларини чигаллаштиради, балки чегараолди районларида кескинлик келтириб чиқаради. Агар қандайдир нохуш ҳодиса рўй бергудек бўлса, ҳис- ҳаяжонларни янада кўпиртирмай, унинг оқибатларини иложи борича бартараф этиш учун биргаликда ҳаракат қилиш лозим,- дейилган Ўзбекистон республикасининг Қозоғистондаги элчихонаси 22 сентябр куни тарқатган баёнотда.

Баёнот матнини Центразия сайтидан олдик.

Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазирлиги Ўзбекистон элчихонасининг баёнотига дарҳол реакция билдирди. 23 сентябр куни вазирлик оммавий ахборот воситалари учун мўлжалланган баёнот матнини тарқатди.

Ҳужжатда "Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси тарқатган баёнот жаҳон дипломатияси тажрибасига мос келмайдиган, масъулиятсиз баёнотдир, - дейилиб, - у Қозоғистон республикасининг ички ишларига аралашув" сифатида баҳоланади.

Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазирлигининг баёнотида таъкидланишича, Ўзбекистон элчихонасининг баёнотида 4 сентябр кунги инцидент нотўғри талқин этилган.
"Қозоғистон томони дипломатик воситалар ёрдамида можарони синчиклаб ўрганишга ҳаракат қилаяпти, инцидент юз берганидан сўнг икки давлат ташқи ишлар вазирлари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган, Ўзбекистон вазирига қозоғистонлик ҳамкасби ўзбек чегарачиларининг қозоғистонлик фуқароларга нисбатан ножоиз чоралар кўрганликларини уқдирган,"- деди Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазири муовини Нурлан Ўнжанов 23 сентябр куни журналистларга,- вазирлик, шунингдек, бундай ҳаракатларни тўхтатиш ва олдини олиш юзасидан керакли чоралар кўриш талаби билан нота ҳам жўнатган".

Қозоғистон республикаси Ташқи Ишлар Вазирлиги баёнотида таъкидланишича, ўзбекистонлик чегарачилар томонидан қозоғистонлик фуқароларга қарши 2002 йилнинг ноябридан буён 5 марта қурол қўлланилган. Натижада Қозоғистоннинг бир фуқароси нобуд бўлган, яна бири яраланган.

Худди шундай маълумот билан Қозоғистон Чегара Хизмати бошлиғи Бўлат Закиев ҳам журналистларга берган интервюсида ўртоқлашди.

"Бироқ, айни пайтда, - дейилади Қозоғистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазирлиги баёнотида,- 2003 йилнинг ўзидаёқ ўзбекистонликларнинг Ўзбекистон Қозоғистон чегарасини 1127 марта бузиб ўтгани қайд этилган, бироқ, Қозоғистон чегара хизмати ходимлари томонидан бирор марта ҳам қурол ишлатилган эмас".

Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги матбуот котиби Илҳом Зокиров Тошкентдаги мухбиримизга берган интервюсида элчихона тарқатган баёнотни Қозоғистон томони ўзининг ички ишларига аралашиш, деб баҳолаганини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тушуна олмаганини билдирди.

Жаноб Зокировдан олинган маълумотга қараганда, 24 сентябр куни Ташқи Ишлар Вазирлигида Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазирлиги баёнотига жавоб баёноти тайёрланган. Вазирлик вакили ҳужжат Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси орқали эълон қилинади, деган ва унинг мазмуни билан Озодлик мухбирини таништиришни истамаган.
XS
SM
MD
LG