Линклар

БМТ Бош Ассамблеясида Ироқ мавзуидаги мубоҳасалар давом этмоқда

  • Замира Шукур

Жаҳон бош дипломатик минбаридан туриб қилган сешанба кунги нутқидан АҚШ Президенти Жорж Буш халқаро ҳамжамиятни Ироқда Вашингтон олиб бораëтган ишларни ҳам ҳарбий, ҳам молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга яна бир бор кўндириш мақсадини кўзлади. Аммо кузатувчилар, бундай уринишнинг деярли натижасиз қолганини қайд этишмоқда. Бундан бир йил аввал айни шу минбардан қилган нутқида Оқ уй раҳбари ўз вақтини дунëни Саддам Ҳусайннинг оммавий қирғин қуроллари билан бутун жаҳонга хавф солаëтганига ишонтиришга сарфлаган эди.

Сешанба куни эса, гарчи оммавий қирғин қуроллари ҳақида лом-мим демаса-да Жорж Буш, энди жаҳон жамоатчилигини ўзининг қандай балодан қутулганини тушуниш ва Американинг бу ҳаракатини муносиб баҳолашга чақирди. Саддам ағдарилганидан сўнг ер юзи бехавотирроқ жойга айланди ва бошқа давлатлар энди Ироққа ëрдам бериш учун Америка қаноти остига киришлари керак, деган мазмунда гапирди Вашингтон раҳбари.

Буш: “Мен Конгрессга Ироқдаги ишимизни охирига етказиш учун қўшимча маблағ ажратишни таклиф этдим. Бу эса, Маршал планидан кейинги бизнинг энг улкан молиявий дастуримиз бўлади. Ироқни озод қилишга кўмаклашгач, энди биз ироқликларнинг барқарор ва осуда давлат қуришларига ҳам ëрдам бериш ваъдамизни бажарамиз. Зотан, бундай қилиш орқали биз ўз мамлакатларимизнинг янада хавфсизроқ бўлишини таъминлаган бўламиз.”

Президент Буш нутқидан Ироқда тинчлик ва фаровонлик ўрнатиш иши билан Америка шуғулланишда давом этади, бошқалар шунга ëрдам берсин, деган мазмун келиб чиққан бўлса, Ироқ урушига қарши халқаро иттифоққа бошчилик қилган Франция Президенти нутқи унинг тамом-тескарисига бағишланди.


Вашингтон раҳбаридан кўп ўтмай, БМТ минбарига кўтарилган Жак Ширак, Ироқдаги жараëнларни назорат қилиш роли БМТ га берилиши ва зудлик билан Ироқ суверинитети тикланиши лозимлигини таъкидлади.


Ширак: “Жаҳондаги энг қадим халқлардан, энг қадим маданият ва тарих яратувчилари бўлмиш ироқликлар учун оккупацияни қабул қилиш ниҳоятда оғир. Шу боис, Ироқдаги вазият кундан-кунга ëмонлашиб бориши мумкин.”


БМТ бош ассамблеясида қилган нутқларида Ироқ ва халқаро хавфсизликни қандай таъминлаш, қолаверса БМТ роли хусусидаги қарашларига кўприк сола олмаган Вашингтон ва Париж раҳбарлари, айтилишича сешанба куни ўтказган ўзаро учрашувларида ҳам бу ишнинг уддасидан чиқа олишмаган.


Хусусан,Ироқни бошқаришни қачон ироқликларнинг ўзига топшириш керак, деган савол АҚШ ва Франция орасидаги асосий муаммо бўлиб турибди.


АҚШ Ироқ келажагини белгилашни имкон қадар узоқроқ ўз қўлида қолдиришга уринаëтган бўлса, Франция, қолаверса Германия, Россия ва БМТ раҳбарияти мамлакат суверенлигини имкон қадар тезроқ тиклашни талаб қилишмоқда.


“Бу қанчага чўзилади, уч ой, олти ой ëки тўққиз ойга? Мен бунинг аниқ вақтини айта олмайман. Аммо бугун биз ана шу масалада бир қарорга келишимиз шарт”, - деди БМТ бош ассамблеяси танафуссида журналистлар билан суҳбатлашган Франция Президенти Ширак.


БМТ бош ассамблеясининг сешанба кунги асосий чиқишларида нафақат Ироқ мавзуси, балки жаҳон ва алоҳида давлатлар хавфсизлигини қандай таъминлаш муаммоснинг ҳам АҚШ ва БМТ нинг бошқа аъзолари орасига зиддият солаëтгани ўз аксини топди.

Бу муаммони эса БМТ бош котиби Кофи Аннан дастлаб тилга олди, сўнгра уни Франция президенти давом эттирди.


Аннан: ”Хавфсизлик Кенгаши алоҳида давлатларнинг ўзларига нисбатан таҳдид деб қараëтганларга қарши олдиндан куч қўллаш эҳтимолини кўриб чиқиши керак. Кенгаш аъзолари айрим хатарларнинг олдини олиш учун куч ишлатишга эрта рухсат бериш мезонларини муҳокама қилишга киришмоқлари лозим.”

Кофи Аннан, нисбатан дипломатик оҳангда бошлаб берган бу мавзуни давом эттирар экан Париж раҳбари, бирор давлат ўз мудофааси баҳонасида ўзбошимчалик билан кучга қўл уриши керак эмас, деган қаъий фикрни билдирди.


Ширак: ”Очиқ дунëда бирор давлат ўзини бошқалардан тамом ажратиб ола олмайди, бирор давлат ҳамма учун деган даъвода якка ўзича иш кўра олмайди ва ҳеч ким қонун-қоидаларсиз жамият анархиясини қабул қила олмайди. Бу масалаларда БМТ га муқобил куч йўқ.”

БМТ бош ассамблеяси давом этар экан, минбарга чиқаëтган жаҳон етакчилари бораëтган бу принципиал курашда кимга ëн босишларини бевосита ëки билвосита намоëн этиш эҳтиëжидалар.
XS
SM
MD
LG