Линклар

Марказий Осиё энергетика захираларига қизиқиш катта

  • Садриддин Ашур

23 сентябр куни Тошкентда «Марказий Осиёда минтақавий энергетика ҳамкорлиги ва Энергетика Хартиясининг аҳамияти» мавзуида халқаро анжуман иш бошлади. Икки кун давом этадиган ушбу тадбир Энергетика Хартияси котибияти ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида ташкил килинган.

Анжуман ишида Марказий Осиёнинг беш давлатидан ташқари Россия, Хитой, Мўғулистон, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Эрон вакиллари иштирок этмоқда. Унда Марказий Осиё давлатларининг энергетика секторида сармоядорларни чорловчи муҳит яратиш , минтақада энергия самарадорлигини ошириш стратегияси, шунингдек, Марказий Осиёда ва ундан ташқаридаги бозорда нефть, газ, электр энергияси транзити учун барқарор халқаро ҳуқуқий асосларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинади.

Маълумотнома:
- Энергетика Хартиясининг асосий мақсади энергетика соҳасидаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, ягона ҳуқуқий ҳудуд яратишдир. Ушбу Хартия Шартномаси ҳамда Протоколи 1994 йилда имзоланган ва 1998 йилда кучга кирган. Айни пайтда 51 давлат унга қўшилган. Ўзбекистон 1996 йилдан ушбу Хартия аъзоси ҳисобланади.

Анжуманда иштирок этаётган Энергетика Хартияси котибияти Бош котиби Рия Кемпер хоним Марказий Осиё нефть ва газ захиралари бўйича катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозир стратегик инвесторлар ёрдамида бу борадаги мавжуд имкониятлардан яхши фойдаланилмоқда. Лекин, Кемпернинг эътироф этишича, Марказий Осиёнинг имкониятлари углеводородлар етказиб бериш билан чекланиб қолмайди. Минтақада 55 миллион аҳоли яшашининг ўзигина мазкур энергетика бозорининг жозибадорлигидан далолат беради. Шунинг учун минтақа давлатлари сармоядорлар учун янада қулай шароит яратса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Анжуманда Ўзбекистон минтақа давлатларига ва ундан ташқарига энергия ресурсларини етказиб беришда катта имкониятларга эга экани таъкидланди. Шу боис, мамлакат бу борадаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам етакчи ўрин тутади.

Энергетика Хартияси котибияти Бош котибининг ўринбосари Андрей Конопляникнинг сўзларига қараганда, анжуманда улкан Евроосиё энергетика бозорини шакллантириш хусусида кўп мулоҳазалар билдирилган. А.Конопляник географик ўрнининг қулайлиги, яъни ушбу бозор марказида жойлашгани Ўзбекистоннинг мазкур жараёнда фаол иштирок этишини таъминлашини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG