Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:07

Ўзбекистон ёшлари афғонистонлик тенгдошларига кўмакдош


Зикрилло Ишонч Бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар Марказий Осиё минтақаси доирасида халқаро ёшлар уюшмаси тузилишини ният қилмоқда.

Бундан бир қанча вақт муқаддам Тошкентдаги «Бунёдкор» ёшлар телеклуби «Ўзбекистон ёшларининг Афғонистон ёшларига совғаси» лойиҳасини амалга ошира бошлаган эди. Лойиҳанинг биринчи босқичида ўзбекистонлик ёшлар афғонистонлик тенгдошлари учун 2,5 тонна совға-салом тўплаб, Мозори шариф шаҳрига жўнатганди. Ушбу юк ўқув қуроллари, кийим-кечаклардан иборат эди.

Энди телеклуб аъзолари лойиҳанинг иккинчи босқичини бошлашга тайёргарлик кўрмоқда. «Бунёдкор» ёшлар телеклуби аъзоси Шодиёр Эшаевнинг айтишича, афғон ёшларига бу сафарги ёрдам маънавий шаклда бўлади. Яъни Ўзбекистон ёшлари Афғонистонга бориб, тенгдошлари билан учрашиб, уларнинг ҳаёт тарзи билан танишади. Ўзбекистонликлар афғон ёшлари иштирокида семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этишни ният қилган.

«Бу тадбирлар афғонистонлик тенгдошларимизнинг ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг билимга чанқоғлигини янада кучайтириш, ўзаро дўстлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида амалга оширилади», дейди Ш.Эшаев.

«Бунёдкор» ёшлар телеклуби аъзолари мазкур лойиҳани кенгроқ тусда ривожлантиришни режалаштираётир. Улар лойиҳага қўшни мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ёшларини ҳам жалб қилмоқчи. Ўзбекистонлик ёшлар афғонистонлик тенгдошларига кўмак баҳонасида бошланадиган ўзаро ҳамкорлик минтақада халқаро ёшлар уюшмасини шакллантиришга олиб келади, деб умид билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG