Линклар

logo-print

АҚШ-Россия саммити: яшасин манфаатлар уйғунлиги!

  • Замира Шукур

Россиядаги жараëнларни мунтазам кузатиб келаëтган мустақил шарҳловчилар фикрича, Владимир Путин ҳукуматининг кейинги пайтлардаги ҳатти-ҳаракатлари Россияни тобора демократия ўзанларидан узоқлаштирмоқда. Шу боис айрим таҳлилчилар, Кэмп Дэвид учрашуви арафасида АҚШ Президентини айни шу ташвишли жараëнларни тилга олиш ва Путинни демократик ислоҳотлардан оғишмасликка даъват этишга чақирдилар.

Баъзи таҳлилчилар эса, бундай эҳтимолга умидсизлик билдириш баробарида, Америка раҳбарининг Россия Президентидан демократ бўлишни талаб қилишга маънавий ҳаққи қолдими ўзи, деган саволни кун тартибига қўймоқдалар.

“Афсуски, Бушнинг бундай иш қилиш эҳтимоли кун сайин камайиб бормоқда. Бу ерда гап нафақат биз Россиядан истаëтганимизни олиш учун унга нисбатан сермулозамат бўлишимиз ҳақида бормоқда. Балки гап, АҚШ нинг ўзи сал аввалроқ биз анти-демократик деб танқид қилиб келган сиëсатни қабул қилишни тобора кучайтираëтгани хусусидадир” - деб ëзди пайшанба куни Американинг машҳур таҳлилчиларидан бири Маршал Голдман.

Ана шу нуқтаи назардан, қолаверса Вашингтон Москванинг Ироқдаги Америка ҳаракатларини қўллаб-қувватлашига нима қилиб бўлса-да эришишни мақсад қилганидан келиб чиққан шарҳловчилар, Кемп Дэвидда Ироқ, Эрон ва ëнилғи соҳасидаги ҳамкорликдан бошқа масалалар муҳокама этилмаслиги, тилга олинганда ҳам, шунчаки хўжакўрсинга бўлишини айтмоқдалар.

Ғарб матбуотида нашр этилган қатор чиқишларда, собиқ КГБ офицери бўлмиш Путиннинг кейинги пайтларда мустақил матбуотни бутунлай ҳукумат тасарруфига ўтказиб, сўз эркинлигини чеклаëтгани, терроризмга қарши курашни баҳона қилиб, ўз собиқ идораси бўлмиш Федарал Хавфсизлик Хизмати ваколатларини кучайтираëтгани, аниқроғи, мазкур хизматга қайтадан фуқаролар телефон суҳбатларини эшитиш ва уларни кузатиш ҳуқуқини бергани кескин танқид қилинмоқда.

Авваллари, хусусан, Клинтон президентлигида бундай ташвишли жараëнлар олий даражали Россия-Америка учрашувлари кун тартибига киритилар ва Вашингтон ўзини фуқаролик эркинликлари ҳимоячиси сифатида тутарди. Бироқ кўпчилик Кэмп Дэвид учрашувларида Жорж Буш бу масалани ҳатто тилга ҳам олмайди, деган ишончда. Нега? Маршал Голдман каби шарҳловчилар фикрича, сабаблардан бири Бушнинг Путинга бу борада ўрнак бўларлик чоғи қолмаганида ва Америкадаги матбуотнинг ҳам, миллий хавфсизлик ва ватанпарварлик даъволари билан тобора ҳукумат назоратига олина бошлаганидадир. Айни пайтда Голдман, Президентга кўнгилсиз савол берувчи журналистларнинг Оқ уй томонидан жазоланаëтгани ва уларнинг кейинги йиғинларга бутунлай киритилмай қўйганларини ҳам, Россия Америкадан эмас, балки Америка Россиядан ўрнак олаëтгани белгиси сифатида талқин қилади.

Бироқ Дон Женсен каби шарҳловчилар буни бошқача изоҳлайдилар.


Женсен: ”АҚШ маъмурияти Путиннинг мустақил матбуотни бостираëтгани ëки Чеченистондаги каби инсон ҳуқуқларини топташ сиëсатини маъқуллаëтгани йўқ. Бироқ Оқ уй Россияга нисбатан имкон қадар реалистик ëндашув қўллашни истайди. Маъмурият нуқтаи назаридан Ироқ, Эрон ва ëнилғи сиëсати каби масалаларда тил топиш мумкин бўлганда, инсон ҳуқуқларини тилга олиб, ҳамкорликни барбод қилишга ҳожат йўқ. Айниқса, Оқ уй ўзининг ташқаридан туриб Чеченистондаги инсон ҳуқуқларини ўзгартиш борасида қўлидан кўп иш келмаслигини сезиб турганда. Қолаверса, умумиятла ҳозирги маъмурият Путинни Америка бизнес ва сиëсий манфаатлари учун мақбул раҳбар деб билади ва уни ўзидан узоқлаштиришни истамайди.”

Нақд турганда насияга нима бор қабилида иш тутаëтган АҚШ Президентининг Кэмп Дэвидда Путин билан Ироқ ва Эрон муаммоси хусусида келишуга эришажаги эҳтимолга жуда яқинлигини бошқа таҳлилчилар ҳам қайд этмоқдалар. Лондондаги иқтисодий тадқиқотлар маркази ходими Николас Редман Америка-Россия саммитида Путин ўз розилиги нархини оширишга уриниши, бироқ охир-оқибат Ироқдаги катта фойдадан қуруқ қолмаслик учун, Буш билан муросага боражагини айтади.

Редман: ”Ироққа оид БМТ резолюцияси бўйича музокараларга келганда, сендан угина мендан бугина қабилида Москванинг Вашингтон резолюциясини қўллаши эвазига урушгача Ироқда ишлаган Россия нефт ширкатларига ўз ишини давом эттириш таклиф қилинса, сира ажабланмаган бўлардим. Россия ширкатларининг урушгача бўлган контрактлари тўлиғича қайта тикланмаган тақдирда ҳам, уларнинг Ироққа қайтиши ўз-ўзидан Москва учун ютуқ бўлади.”

Таҳлилчилар фикрича, Путин билан Буш, Кремл билан Оқ уй ўртасига зиддият солишдан кўра, уларнинг бошини қовуштирувчи умумманфаатлар кўп. Шу боис, АҚШ нинг Ироқ урушига қарши халқаро коалицияга етакчилик қилган Париж ва Берлин билан оғиздаги дўстликка қарамасдан, Москва амалда Вашингтон билан улардан кўра дўстроқ эканини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG