Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:45

Озарбайжон президентлик сайловларида арафасида: журналистларга таъқиблар кучаймоқда


Фарангис Саид

15 октябр куни Озарбайжонда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Мамлакат келажагини белгилаб берадиган бу кун яқинлашган сари, сайловолди кампанияси ҳам авж олмоқда.

Иқтидордаги Президент Ҳайдар Алиевнинг ҳамон АҚШ касалхонасида даволанаётгани Озарбайжон мухолифатига куч қўшди. Улар тарафдорлари сафлари тобора кенгаяётгани ҳақида хабарлар берилмоқда. Ҳукумат эса бунга мухолифат ва мустақил матбуотга нисбатан тазйиқ-таъқибларни кучайтириш билан жавоб бераётир.

Озарбажоннинг “Ени Насил” (“Янги Авлод”), деб номланган журналистлар уюшмаси раиси Ориф Ариев бу ҳақда мана бундай дейди:

- Сайловлар муддати яқинлашар экан, журналистлар маълумот тўплаш ва тарқатиш йўлида жисмоний босим ва кўплаб қийинчиликларга дуч келишмоқда. Шу ой бошидан буён Наҳичеван мухтор вилоятининг Садарак тумани, Боку, Масалли, Ленкоран шаҳарларида журналистлар калтакланди. Фотомухбирлар ва телеоператорлар асбоб-ускуналари тортиб олинди ва бузиб ташланди. Баъзилар турли сохта айблар билан ҳибсга олинди. Наҳичеванда бир журналист уч кун ҳибсда ушлаб турилди. Энг хавотирлиси шунда-ки, буларни уюштирганларнинг ҳеч бири жазоланмади.

Маълумотларга кўра, Масалли ва Ленкоран шаҳарларида 21 сентябр куни мухолифат тарафдорлари томонидан уюштирилган намойишларни ёритган 5 мухбир таъқиб қилинган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара Билмас Мухбирлар” халқаро ташкилоти ходимаси Каролин Жиро сўнгги ҳафталарда Озарбайжон ҳукумати журналистларга нисбатан босимни кучайтирганини айтади:

- Тахминан июл охиридан бошлаб мустақил журналистларга ҳужумлар кўпайгани қайд этилмоқда. Ҳужумлар ҳукуматга қарашли оммавий ахборот воситалари ходимлари эмас, балки аксарият ҳолларда мустақил журналистга қилиняпти. Бу тасодиф эмас. Бундан мазкур жараён сайловлар арафасида мустақил матбуот эркинлигини чеклашга қаратилган, деган хулоса қилиш мумкин.

22 сентябр куни “Чегара Билмас Мухбирлар” ташкилоти Озарбайжон ҳукуматига мурожаат қилиб, сайловолди кампанияси давомида матбуот эркинлиги чекланмаслигини таъминлашни сўради.

Европа Кенгаши ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам сўнгги пайтларда Озарбайжонда мухбирларга тазйиқ ўтказиш ҳоллари кўпайганидан хавотир билдирмоқда.

24 сентябр куни эса Хюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти Озарбайжондаги сайловларга оид махсус баёнот тарқатиб, АҚШ Президенти Жорж Бушни расмий Бокуга сайловларнинг очиқ ва адолатли ўтиши борасида босим кўрсатишга даъват этди.

Шу йил апрел ойида иқтидордаги президент, 80-ёшлик Ҳайдар Алиев саломатлиги кескин ёмонлашди. Ўшандан буён Алиев то Туркия, то АҚШда даволанмоқда. У сайловолди кампаниясида иштирок этмаяпти. 15 октябргача Алиевнинг Бокуга қайтиш-қайтмаслиги номаълум. Мамлакатни эса Ҳайдар Алиевнинг яқинда Бош Вазир этиб тайинланган ўғли Илҳом Алиев бошқармоқда. Икки Алиевдан қайси бири ҳукумат ва етакчи партия номзоди сифатида президентлик сайловларида қатнашиши ҳам ноаниқлигича қолмоқда.

Ҳозирда Озарбайжонда “Илҳом Алиев президент этиб сайланган тақдирда матбуот эркинлиги чекланишда давом этадими ёки вазият яхши тарафга ўзгарадими”, деган саволлар мавжуд.

Рус тилида чиқадиган “Зеркало” газетасининг сиёсий таҳлилчиси Азер Рашидўғли бу хусусида мана бундай дейди:

- Илҳом Алиев давлатнинг амалдаги раҳбари этиб тайинланганидан буён жамоатчиликка объектив маълумот беришга уринаётган журналистларга нисбатан тазйиқлар кучайиб, жисмоний зўравонликлар ҳоллари кўпайди ва бу одатий ҳолга айланди. Журналистлар ишлаш, маълумот тўплаш ва жамоатчиликни кечаётган жараёнлардан бохабар қилиш имконидан маҳрум.

Таҳлилчи фикрича, Озарбайжон қай тариқа ривожланишини ўзи учун белгилаб олиши зарур. Агар мамлакат Европа ва умуман Ғарб дунёсига қўшилмоқчи бўлса, сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаши лозим, деб ҳисоблайди Азер Рашидўғли.
XS
SM
MD
LG