Линклар

logo-print

Янги фармон – маҳбусларга дармонми?

  • Барно Анвар

27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Биринчи марта озодликдан маҳрум этишга судланган шахсларнинг жазо ўташ шароитларини либераллаштириш тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Унга кўра, биринчи марта судланиб, қамоққа ҳукм этилган шахслар жазони нисбатан енгил тартибли колонияларда ўтайди.

Ушбу ҳужжатда унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар содир этган, аммо биринчи бор судланиб, қамоққа ҳукм этилган шахслар бундан буён жазо муддатини манзил-колонияларда ўташи белгиланган. Биринчи марта ўта оғир жиноят содир этганлар эса умумий тартибли колонияларга жўнатилади. Ҳозирда Ўзбекистондаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган ва ушбу фармон бандларига мувофиқ келувчи маҳбуслар (улар сони 15 мингдан ортиқ) эса 2004 йилнинг 1 февралига қадар тегишли тартибдаги колонияларга ўтказилиши лозим.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг аксарияти ушбу фармоннинг қабул қилинишини жуда ўринли деб билса-да, унинг амалиётга тадбиқ этилиши борасида бироз хавотир билдирмоқда. «Правда Востока» газетаси ҳуқуқ бўлими мудири Сергей Ежковнинг фикрича, фармонни ижро қилиш жараёнида таъмагирлик ва порахўрликка йўл қўйилмасагина, кутилган натижага эришиш мумкин.

«Бизда кичик бир имкониятдан ҳам ўз шахсий манфаатлари учун фойдаланадиган амалдорлар, шу жумладан, қамоқхона мутасаддилари борлиги сир эмас. Улар ушбу фармондан ҳам шу мақсадда фойдаланиши мумкин», дейди журналист.

Шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 50-моддасига биноан қасддан унча оғир бўлмаган ва оғир жиноят содир этган, бироқ биринчи марта судланган шахслар жазо муддатини умумий тартибли колонияларда ўтар эди. Ўта оғир жиноят содир этган ва биринчи марта судланган шахслар эса жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўтарди.

Мазкур фармонга мувофиқ, бу борада мавжуд қонунчиликка зарурий ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси бир ой давомида ишлаб чиқилиб, муҳокамага тақдим этилиши лозим.
XS
SM
MD
LG