Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:36

Ўзбекистонда ОИТС билан касалланганлар сони ортмоқда


Саида Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ИТВ-ОИТСга чалинган кишилар сони икки мингдан ортиқ. Уларнинг етмиш фоизи инъекцион гиёҳвандлардир.

Мутахассислар «аср вабоси»га чалинганлар сонининг ортиб бораётганини мамлакатда гиёҳвандлар кўпаяётгани билан боғламоқда. Айни пайтда Орттирилган иммун тақчиллиги синдроми (ОИТС) билан оғриганларнинг 30 фоизини аёллар ташкил этаётир.

Бундан бир неча йил илгари фақат Тошкент шаҳрида қайд этилган касаллик Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам тарқалмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, айни пайтда ОИТСни юқтирганларнинг 50 фоизи Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келади. Тошкент вилоятида эса бу кўрсаткич 25 фоиздир.

Республика ОИТС маркази директори Мумтоз Ҳакимовнинг сўзларига қараганда, бундан ўн йилча муқаддам касаллик мамлакатга, асосан, хориждан келганлар орқали тарқала бошлаган. Кейинги пайтларда эса героин истеъмол қилувчилар орасида ҳам ОИТСга чалинганлар кўпайиб бораётир.

Гиёҳвандлик ва ОИТС эса бир-бирига боғлиқ муаммолар қаторига киради. Тошкент шаҳар наркология диспансери шифокори Зафар Отабоев мамлакатда гиёҳвандлик миллат фожеасига айланиб улгурганини қайд этади. Унинг айтишича, гиёҳвандлар орасида 12 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ҳам кўплаб учрамоқда. Илгари аёллар гиёҳвандлар умумий сонининг 3-5 фоизини ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 10 фоизга етган. Бундай аёллар ОИТСни тарқатишда асосий ўрин тутмокда.

Айни пайтда Ўзбекистонда ОИТСга қарши кураш миллий дастури амалга оширилмоқда. З.Отабоевнинг айтишича, гиёҳвандликнинг олдини олишда Ғарб тажрибасидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлаётир. Яъни даволаш жараёнида бангиларга героин ўрнини босувчи модда берилади ва уларнинг наркотикка бўлган эҳтиёжлари шу йўл билан аста-секин йўқотилади. Бу эса, ўз навбатида, ОИТС касаллигининг тарқалишига тўсиқ бўлади.

Кузатувчилар Марказий Осиёда айни муаммонинг ечилиши Афғонистонда иқтисодий ва сиёсий барқарорлик таъминланишига боғлиқ эканини айтмоқда. Мазкур мамлакатда наркотик моддалар ишлаб чиқарилишига чек қўйилмас экан, минтақада гиёҳвандлик ва ОИТС билан боғлиқ вазият кескинлигича қолаверади, дейди улар.
XS
SM
MD
LG