Линклар

Анeмия – Ўзбекистон келажагининг кушандаси


Беназир Ўзбекистонда ҳомиладор аёлларнинг ҳар ўнтадан тўққизтаси анемияга чалинган.

Мамлакатда ҳомиладор аёллар ва ёш болалар орасида камқонликнинг кескин кўпайиб бораётгани маҳаллий мутахассисларда жиддий хавотир уйғотмоқда. Чунки бу касаллик дардманд болалар ва оналар сонининг тўхтовсиз ўсиб боришига олиб келаётир.

Шифокор Феруза Маҳмудованинг айтишича, инсонда меъёрдаги гемоглобин миқдори 120 г/л бўлиши керак. Лекин Ўзбекистонда аксарият аёлларда бу кўрсаткич юзга ҳам етмайди.

Акушер-гинеколог Зуҳра Давидова ҳомиладор аёлларда камқонликнинг мавжудлиги ўта хатарли эканини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, янги туғилган чақалоқларда учрайдиган барча касалликлар, туғма патологиянинг асосий сабабчиси камқонликдир. Чақалоқ она қорнидаёқ анемия туфайли нимжон бўлиб қолади. Онадаги қамқонлик туфайли ҳомилага кислород етишмайди ва бу унинг тўлиқ ривожланишига тўсқинлик қилади.

Онанинг камқонлиги, шунингдек, фарзанднинг муддатидан олдин, тўлиқ ривожланмай туғилишига олиб келади. Айни пайтда бундай туғилишлар кўпайиб бормоқда, дейди З.Давидова.

Она анемияга чалинган бўлса, бола ҳам айни шу касаллик билан дунёга келади. Феруза Маҳмудованинг айтишича, ҳозир кўпчилик чақалоқларда гемоглобин миқдори 85-90 г/латрофидадир. Аслида янги чақалоқларда бу кўрсаткич 140 г/л гача етиши керак.

Шифокорлар камқонликни даволаш учун таркибида темир моддаси бўлган препаратларни тавсия этади. Лекин кўп ҳолларда бемор бу йўл билан анемиядан тўла халос бўлмайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эпидемиологи, тиббиёт фанлари доктори Иброҳим Маматқуловнинг айтишича, касалликни тўлиқ даволаш учун инсон организмидаги дисбактериоз ҳолатни тўхтатиш керак.

Инсон организмидаги фойдали бактерияларнинг камайиб кетиши, яъни дисбактериоз ҳолатининг вужудга келиши ҳам анемиянинг ривожланишига йўл очиб беради. Бу эса организмнинг турли юқумли касалликларга чидамлилик хусусиятига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, дейди И.Маматқулов, ҳомиладорликнинг илк давридаёқ бола соғлигига жиддий эътибор бериш керак.

Феруза Маҳмудованинг айтишича, анемияга чалинган ҳомиладор аёллар ва болаларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилда махсус препаратлар бепул тарқатилган. Камқон она бу препаратларни ҳомиладорликнинг 14-16- ҳафтасидан бошлаб тўққиз ой давомида истеъмол қилиши керак. Бироқ бепул берилаётган дори-дармон бир ойга етади, холос. Зарур озиқ-овқат ёки дорини сотиб олишга эса бугун Ўзбекистонда ҳамманинг ҳам қурби етмайди.
XS
SM
MD
LG