Линклар

logo-print

АҚШ – яна ЮНЕСКО аъзоси.

  • Абдулла Искандар

Сешанба куни Лора Буш хоним Москвага келди. Душанба куни эса Лора Буш Парижнинг Елисей саройида Франция президенти Жак Ширак билан учрашганди.

Матбуот саҳифаларида "АҚШ президентининг энг ардоқли элчиси" деб таъриф берилган Лора Буш хонимнинг Европа сафаридан мақсад " АҚШ ва Европа ўртасида ишонч кўприкларини тиклашдан иборат деб ëзди "Дейли Телеграф" газетаси.

АҚШнинг ЮНЕСКО аъзолигига қайтиши ўзгараëтган дунë нишоналаридан бири эканлиги кузатувчилар назарида қолмоқда. Америкалик сиëсий таҳлилчи Брюс Паниер , АҚШнинг ЮНЕСКО аъзолигига қайтишини шундай изоҳлайди.

- 1984 йилда Президент Роналд Рейган қарорига кўра АҚШ ЮНЕСКОни тарк қилди.Роналд Рейган ЮНЕСКО ни аксиламерика кайфиятларини авж олдираëтган ва пулларни беҳуда совураëтган бефойда бир ташкилот деб атаганди.Ҳар ҳолда ўша пайтда АҚШнинг бу ташкилотни тарк қилиши учун расмий сабаблар шу таҳлит кўрсатилди. Аслида эса ЮНЕСКОнинг ўша пайтдаги раҳбари сенегалик М,Бой жанобларининг СССР билан илиқ муносабатлари Рейгеннинг жиғига текканлиги боис АҚШ бу ташкилотдан чиқишга қарор берганди .Хўш АҚШ нега ЮНЕСКОга қайтиб кирди деган савол жавоби ,ўтмишни ўрганиш ,меросни авайлаш каби қадриятларнинг қайта кун тартибига қўйилиши билан боғлаган бўлардим. Масалан, Афғонистонда Толибон мулозимлари Будда ҳайкалини вайрон қилишди. Бу ҳайкални ҳимоя қилган идора ЮНЕСКО бўлди, демак Толибон бизнинг душманимиз бўлса ЮНЕСКО бизнинг дўстимиз.

Хуллас, орадан 19 йил ўтиб 29 сентябр куни ЮНЕСКО нинг Париждаги бош қароргоҳи ҳовлисида АҚШ байроғи яна ҳилпирай бошлади.

Байроқ кўтариш тантаналарида сўзга чиққан Лора Буш ҳоним АҚШнинг ЮНЕСКО ташкилоти сафига қайтиши унинг турфа (турли қиëфали)дунë билан ҳамжиҳат эканлигини англатади деди:

- Бугунги хавотирларга тўла дунëда биргаликда фаолият олиб борилиши Юнеско тариҳида кўрилмаган даражада муҳим ва долзарбдир.

Ўтган ҳафта Америкада қилган чиқишларидан бирида Лора ҳоним ЮНЕСКО мақсадлари кўпчилик америкаликларнинг орзуси билан муштарак эканлигини айтганди. АҚШ давлат департаменти мулозимлари ЮНЕСКО "Заҳарли мафкурага" қарши курашда расмий Вашингтонга ëрдам бериши мумкинлигини таъкидлашганди. Хўш-бу нимани билдиради ? Заҳарли мафкура деганда Ал-қаеда ва Толибон назарда тутилаëтган бўлса ЮНЕСКО ташкилоти уларга қарши курашда АҚШ билан ҳамкорлик қиладими.? Америкалик тахлилчи Брюс Паниер бунга шубҳа билдиради:

- ЮНЕСКО ташкилотини қай тарзда террорга қарши курашишини тасаввур қилиш қийин. ЮНЕСКО Бин-Ладен ëки Саддамни ушлаш амалиëтида қатнашмайдику аҳир. Айни вақтда ЮНЕСКО ўз табиатига кўра бирор бир ягона мафкура минбари ҳам бўла олмайди.

ЮНЕСКО учун эса, ўз сафига АҚШнинг қайтиб кириши ташкилот молиявий аҳволининг яҳшиланишини билдиради. Расмий маълумотларда 1984 йилда АҚШ бу ташкилот сафидан чиққанида ЮНЕСКО ўз бюджетининг тўртдан биридан маҳрум бўлгани айтилади. АҚШ тўлаëтган аъзолик бадали миқдори ана шунча эди.

Расмий Вашингтоннинг ЮНЕСКО сафига қайтиши ҳалқаро матбуот диққат марказида қолмоқда.Ню-Йорк таймс газетасида чоп қилинган фотографияда ЮНЕСКО ҳовлисида, Эйфел минораси фонида ҳилпираëтган АҚШ байроғи ва Лора Буш акс этди. Бу ЮНЕСКО ҳовлисида ҳилпираëтган 190инчи мамлакат байроғи бўлди. Шу куни Шарқий Тимор ҳам ЮНЕСКО аъзолигига қабул қилинди. АҚШнинг ЮНЕСКОга аъзолиги расман 1 октябрдан бошланади.
XS
SM
MD
LG