Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:33

Европа мамлакатларида мусулмонларга муносабат


А. Арол

Рўмол бу – оддий кийимнинг бир қисмими ëхуд диний тарғибот воситасими?

Кейинги пайтларда Европанинг айрим ўлкалари, жумладан Германия ва Францияда мусулмон хотин-қизларнинг анъанавий рўмол ўрашлари жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, Германияда 4 миллион атрофида, Францияда эса тақрибан 6 миллион мусулмон яшайди. Уларнинг аксарияти, асосан араб давлатлари, Туркия ва мусулмон Африка мамлакатларидан келиб жойлашган. Кўпчилиги Германия ва Франция фуқаролигини олган ва фарзандлари янги муҳитда туғилиб, вояга етган. Уларнинг Ғарбий Европага келиб жойлашганларига 30 – 40 йилдан кўпроқ бўлган бўлса-да, ҳамон ўз диний урф-одатларини сақлаб келмоқдалар. Айни шу янги ва эски ватандаги анъаналар тўқнашуви кейинги вақтларда, айниқса, Германия ва Франция жамоатчилиги орасида қизғин баҳсларга асос яратмоқда.

Германияда, асли афғонистонлик, аммо Германия фуқароси бўлган 31 ëшли Феришта Лудин исмли ўқитувчи аëл бошига рўмол ўрагани учун 1998 йили ишга олинмаганидан кейин, Шутутгард, Манҳойм ва Берлин судларига қилган мурожаатлари рад этилган эди. Шундан сўнг Лудин Германия Конституциявий судига шикоят аризаси билан мурожаат қилди. Ниҳоят куни-кеча Конституциявий суд 6 йиллик даъво хусусида қарор қабул қилди. Суд хулосасига кўра, аëлларнинг рўмол ўраб ўқитувчилик қилишга ҳаққлари бор, бироқ, бу борада федератив Германиянинг ҳар бир вилояти ўз ички қонунларига мувофиқ амал қилишлари керак.

Берлинлик талаба Эркин Тошқига кўра, Германия вилоятлари Конституцияларидаги ушбу камчиликни тез орада тузатишлари ва рўмол ўраган аëлларга мактабларда ўқитувчилик қилишга рухсат бермасликлари мумкин. Германия қонунларга кўра, давлат идораларида ишловчи хизматчиларнинг кийимларида у ëки бу диний гуруҳ ëхуд сиëсий партиянинг белгилари акс этмаслиги керак.

Маълум бўлишича, Германияда 300 атрофида мусулмон ўқитувчи аëл бор. Улардан фақат 15 тачаси рўмол ўрайди, холос.

Бошқа бир мисол. Германия магазинларидан бирида сотувчилик қиладиган муслима аëл бошига рўмол ўрагани учун ишдан бўшатилди. Магазин соҳибига кўра, у шу рўмолли аëл туфайли ўз мижозларини қўлдан берган.

Бироқ германиялик тадбиркор Ҳодий Диëрнинг айтишича, суд қарори билан рўмол ўрайдиган аëл ўз ишига қайтарилган ва магазин соҳибининг даъвоси рад этилган.

Франция эса, Германиядан фарқли ўлароқ рўмол масаласида бошқача йўл тутмоқда. Маълумки, Францияда дин давлатдан ва мактаб диндан ажратилган. Ҳукумат мактабнинг диндан ажратилганлигини қаттиқ назорат қилиб келади. Рўмол масаласи Франция мусулмонлари томонидан кўп марта ўртага ташланганлигига қарамай, ҳукумат рўмол ўраб мактабга келиш мумкин эмаслигини қаттиқ туриб талаб қилиб келмоқда. Францияда бу масалани ҳал қилиш учун давлат комиссияси ҳам тузилган. Франция ҳукуматига кўра, мактаб бу – ўқитувчи ва ўқувчиларнинг динга бўлган муносабатини намойиш этадиган жой эмас.
XS
SM
MD
LG